Абдуқодир Хусанов Англиянинг “Тоттенхэм” клубига ўтиши мумкин

Фото: bel.football

Ўзбекистон миллий терма жамоаси футболчиси Абдуқодир Хусанов ўз фаолиятини Англиянинг “Тоттенхем” клубида давом эттириши мумкин, дея хабар беради Football insider.

“Тоттенхем” Микки ван де Вен жароҳатидан сўнг янги марказий ҳимоячини сотиб олиш режаларини тезлаштирмоқчи.

Собиқ скаут Мик Браун 30 октябрь куни Football insider нашрига клуб ўз таркибини ҳимояда янада кучайтиришга интилаётганини ва бу эҳтиёж янада долзарб бўлиб қолганини айтган.

“Ҳимояни кучайтириш бўйича кўриб чиқилаётган вариантлардан бири Европанинг етакчи клублари қизиқишини уйғотган “Ланс”нинг 20 ёшли футболчиси Абдуқодир Хусанов”, — деб ёзади нашр.

Шунингдек, футболчи Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида 16 та ўйин ўтказган, у доимий халқаро ўйинчи ҳисобланади.

Хусановнинг “Ньюкасл”га ўтиши ҳам кўриб чиқилди, Англия терма жамоасининг собиқ дарвозабони Пол Робинсон Football insider нашрига берган интервьюсида “зағизғонлар” ҳимоя чизиғига тезлик қўшишга интилаётганини айтади.

Ўзбекистонлик футболчи “Тоттенхем”нинг трансфер мақсадлари рўйхатидаги бир нечта марказий ҳимоячилардан бири, чунки уларнинг ҳимояси чуқурлигидан хавотирлар кучаймоқда.

Улар январь ойидаги трансфер дарчасида янги ўйинчи сотиб олишни биринчи ўринга қўйишлари кутилмоқда.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.