Саудиялик модель илк бор гўзаллик танловида қатнашди

Фото: Yeni safak

Саудиялик модель Руми ал-Қахтаний шу ҳафта Малайзияда бўлиб ўтган “Miss & Mrs Global Asian 2024” халқаро гўзаллик танловида иштирок этди, деб ёзади ArabNews. Бу қироллик тарихидаги биринчи шундай ҳодиса ҳисобланади. Саҳнада у турли туман қиёфаларда намоён бўлди: ихчам либослардан тортиб, то очиқ либослар, спорт костюмлари ва анъанавий Саудия кийимларигача. “Танловда иштирок этиш мен учун шарафдир”, – деди Ал-Қахтаний.

Бу йилги “Miss & Mrs Global Asian” танловида Австралия, Ҳиндистон, Индонезия, Япония, Таиланд, Филиппин, Сингапур, Вьетнам, Бангладеш, Мьянма ва Малайзиядан 25 нафар модель иштирок этди. Намойиш Hyatt Place Kuala Lumpur меҳмонхонасида бўлиб ўтди.

“Miss & Mrs Global Asian 2024” унвони малайзиялик Жоан Ламга насиб этди. Мiss Global Asia номинациясида сингапурлик Жессика Лонг ғолиб чиқди.

Саудия Арабистони моделининг танловда иштирок этиши Қиролликнинг раҳбарият томонидан эълон қилинган ислоҳот ва модернизация модели йўлида жадал ҳаракатланишининг яна бир далили бўлди. Исломнинг икки муқаддас шаҳри – Макка ва Мадина жойлашган мамлакат яқин-яқингача дин, маданият ва жамоат одоб-ахлоқ соҳасидаги қатъий сиёсати билан дунёга машҳур эди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.