Абдулазиз Камилов: Ўзбекистон Украинада зўравонликка чек қўйилиши тарафдори
Ўзбекистон Украинадаги зўравонликка чек қўйиш, барча муаммолар сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилиши тарафдори. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Анталиядаги форумда Anews нашри журналистининг Россия Федерациясининг Украинадаги “ҳарбий амалиёти”га доир саволига жавоб берар экан, айтиб ўтди. Бу ҳақда “Фергана” нашри ёзади.
«Биз жуда хавотирдамиз, бу ҳақда кўп гапиришимиз мумкин. Аммо, дунёнинг кўплаб одамлари каби, биз зўравонлик тўхтатилишини ва барча муаммолар сиёсий ва дипломатик йўллар билан ҳал этилишини истаймиз», — деди Ўзбекистон ТИВнинг раҳбари.
Комилов II Дипломатик форум ишида иштирок этиш учун Анталияга келди. «Янги Осиё: барқарор минтақавий ўсиш учун» давра суҳбатида сўзга чиққан вазир халқаро ва минтақавий миқёсда кузатилаётган сиёсий ва дипломатик тенденцияларга эътибор қаратди.
Комилов фақат оқилона муросага асосланган дипломатия барча томонлар манфаатларини бирдек қондириши мумкинлигини таъкидлади.
«Афғонистон: янги воқеликларга қандай муносабатда бўлиш керак?» панел сессиясида сўзга чиққан Вазир қўшни Афғонистонда узоқ муддатли ва барқарор тинчлик ўрнатиш, афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш, гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида Афғонистонда йирик инфратузилма лойиҳалари амалга ошириш борасидаги Ўзбекистон саъй-ҳаракатлари ҳақида форум иштирокчиларига маълумот берди.
Шарҳлар