Адлия вазири TikTok блокировка қилиниши кераклиги борасида фикр билдирди
Адлия вазири Русланбек Давлетов Ўзбекистонда “ТикТок” блокировка қилиниши мумкинлиги борасида ўз муносабатини билдирди, деб ёзади UzNews.
«Мен ахборот эркин тарқатилиши тарафдориман. Техник томондан буткул блоклаш имконияти борми? VPN’лар бор-ку.», —дея қайд этди Адлия вазирлигининг раҳбари матбуот анжумани давомида.
Шунингдек у жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш кераклигини таъкидлади.
«Ёмон контентлар фақат “ТикТок”дами? Унда қаердан диний экстремизм, зўравонликка тарғиб кучайяпти? Ахборот майдони эркин бўлиши керак», — дейди Русланбек Давлетов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Адолат” партиясининг вакиллари VPN орқали кириш имкониятисиз TikTok ижтимоий тармоғини тўлиқ блокировка қилиш зарурлиги ҳақида баёнот билан чиққанди. Уларнинг сўзларига кўра, ушбу ижтимоий тармоқ ўзбек халқининг маънавий қадриятларига зад бўлиб, ёшларни ахлоқсиз хатти-ҳаракатларга бошламоқда.
Шарҳлар