Адлия вазирлиги оппозицион партияни рўйхатга олишни рад этди
Адлия вазирлиги “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партиясини рўйхатга олишни рад этди. Маълумотларга кўра, партияни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ҳужжатлар “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги ва “Ноҳукумат ташкилотлари тўғрисида”ги қонунлар талабларини бузган ҳолда тақдим этилган, деб ёзади UzNews нашри вазирликка таянган ҳолда.
Вазирлик “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига асосан, ташкилий қўмита тузилган кундан бошлаб узоғи билан уч ой фаолият кўрсатиш ҳуқуқига эгалиги ва белгиланган муддат ўтгандан кейин ташкилий қўмита ўз фаолиятини тугатиши, имзолар йиғиш тўхтатилиши ҳақида эслатиб ўтади.
Қайд этилишича, партияни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича атиги 9 873 та имзо йиғилган. Қонунчиликда камида 20 минг фуқаронинг имзоси бўлиши талаб этилади. 2021 йил 7 апрелдаги аризага 7 675 та (қўшимча 944 та) ва 7 июндаги аризага 1 254 та имзо қўйган фуқароларнинг рўйхатлари илова қилинган. Ўрганиш жараёнида имзолар рўйхатида кўрсатилган шахсларнинг 42 нафари вафот этганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, 2 292 нафар фуқаро имзолари партия тузиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда турли сабаблар асосида йиғилганлигини маълум қилиб, имзоларни ҳисобга олмаслик ҳақида вазирликка мурожаат қилган.
Эслатиб ўтамиз, иқтисод фанлари доктори, профессор Ҳидирназар Аллақулов 2020 йилнинг июнида “Ҳақиқат ва тараққиёт” СДПни тузиш жараёни бошланганини маълум қилганди.
Шарҳлар