«Адолат» СДП ижро ҳокимиятида раҳбарларнинг камида 30 фоиaзи аёллар бўлиши керак

Сўнгги йилларда давлат бошқаруви тизимида гендер тенглигини таъминлаш, айниқса, ижро ҳокимиятида аёлларни раҳбарликка кенг жалб этиш долзарб масалага айланди. Мамлакатимиз тарихида илк маротаба парламентда хотин-қизлар сони Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан белгиланган тавсияларга мос даражага етиб, дунёдаги 190 та парламент орасида 37-ўринга кўтарилди.

Бошқарув лавозимидаги хотин-қизлар улуши 27 фоизга, партияларда 44 фоизга, олий таълимда 40 фоизга, тадбиркорликда 35 фоизга етди. Жамиятда аёлларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш уларни қарор қабул қилиш жараёнида фаол иштирокини таъминлашни тақозо этади. Бундай мақсадларга эришиш учун “Адолат” социал-демократик партияси ижро ҳокимиятида раҳбарларнинг камида 30 фоизи аёллар бўлишига оид қоида киритилишини таклиф этмоқда.

Хориж тажрибасига назар ташласак, дунё мамлакатларида аёлларнинг раҳбарлик ролини мустаҳкамлаш учун амалга оширилган ислоҳотларни кузатишимиз мумкин.

Масалан, Швеция, Норвегия каби мамлакатларда 30 фоиз ёки ундан кўпроқ аёллар юқори раҳбарлик лавозимларини эгаллайди. Бу мамлакатлар аёлларнинг раҳбарликдаги иштироки орқали иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга эришган.

“Адолат” социал-демократик партиямиз илгари сураётган ушбу ташаббус жамиятда гендер тенгликни ва ижтимоий адолатни таъминлаш, аёлларнинг давлат бошқарувидаги ўрни ва иштирокини оширишга хизмат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.