Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ишдан олинди (янгиланди)
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш чекланиши билан боғлиқ кечаги можародан кейин эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Kun.uz нашри ҳукуматдаги манбага таянган ҳолда ёзади.
Айрим маълумотларга кўра, бош вазир маслаҳатчиси, IT-технологиялар, телекоммуникацияларни ривожлантириш ва инновацион фаолият масалалари бўйича департамент бошлиғи ҳам ўз лавозимидан озод этилган.
Аввалроқ Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялаш соҳасида назорат бўйича Давлат инспекцияси (“Ўзкомназорат”) ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотларини Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши сабабли қатор ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклаб қўйганди. Ҳуқуқбузарликлар реестрига «Мой мир», «Одноклассники», YouTube, LinkedIn, Instagram, Facebook ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ва бошқалар кирди.
Бироқ президент ҳукумат кўрсатмасига асосан «Ўзкомназорат» томонидан бир ёқлама, узоқни ўйламай қилинган ҳаракат ҳақида хабар топган. Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Ғолибшер Зияев нотўғри ва келишилмаган хатти-ҳаракатлари учун эгаллаб турган вазифасидан четлатилган.
«Суриштирув якунлари бўйича рўй берган ҳолатда айбдор бўлган барча мутасадди раҳбарларга нисбатан тегишли жавобгарлик чоралари кўрилади», – дея қайд этганди кеча мамлакат президентининг матбуот котиби.
Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги эса “Ўзбектелеком” АК ускунасининг қисқа муддатли техник бузилиши сабабли алоқа хизматларининг сифати ёмонлашди ва ижтимоий тармоқларга кириш борасида узилишлар кузатилгани ҳақида хабар берган.
5 ноябрь соат 12:12 да янгиланди: Ахборот технолгиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг сайтида вазир Шуғрат Содиқовнинг ишдан бўшатилганини тасдиқловчи хабар пайдо бўлди.
Миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари бош вазир маслаҳатчиси – IT-технологияларни, телекоммуникацияларни ривожлантириш ва инновацион фаолият масалалари бўйича департамент бошлиғи Олимжон Умаров лавозимидан озод этилгани тўғрисидаги ҳукумат қарорининг нусхасини чоп этди. Бош вазир Абдулла Арипов қарорни 4 ноябрь куни имзолаган.
Шарҳлар