Ҳайдаров иши бўйича апелляция суди ҳукмни ўзгаришсиз қолдирди
Бугун, 28-декабрь куни Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси ажрими билан блогер О.Ҳайдаровнинг ҳимоячиси томонидан жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 2023 йил 1 декабрдаги ҳукми устидан апелляция тартибида берилган шикояти кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз ва шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов хабар беряпти.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг раиси А.Эргашев томонидан 1 декабрь куни ўқиб эшиттирилган ҳукмга кўра, 34 ёшли блогер, Turon mujdasi ва Turon valley media МЧЖлари директори Олимжон Ҳайдаровнинг айбловидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а» банди чиқариб ташланган.
У Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 2-қисми, 3-қисми «а» банди, 140-моддаси (Ҳақорат қилиш) 3-қисми «а» банди ва 165-моддаси (Товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Блогерга Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (Жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси зиммасига ижтимоий тармоқлардаги блогерга тегишли барча канал, саҳифа ва гуруҳларни ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг ўчирилиши (блокланиши)ни таъминлаш юклатилганди.
Суд ҳукми ўқиб эшиттирилган куни ижтимоий тармоқлар орқали Ҳайдаровнинг қўлга олиниши билан боғлиқ видеолавҳа тарқалиб муҳокамаларга ҳам сабаб бўлганди. Нашримиз бу бўйича катта материални ҳам тайёрлаб эълон қилган эди.
Шарҳлар