«Олимжон Ҳайдаровга тегишли видео ҳақиқий» – Шохрух Ғиёсов

Фото: KADRNEW телеграм канали

Кеча якунланган суд мажлисидан сўнг блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бунинг ортидан ижтимоий тармоқларда О.Хайдаровнинг хибсга олинишига асос бўлувчи, далилларни келтирувчи видеолавҳа тарқала бошлади. Бироқ, блогернинг оила аъзолари, яқинлари томонидан ижтимоий тармоқларда келтирилган далилларни инкор қилишга ҳаракат бошланди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, тармоқ фойдаланувчилари орасида блогернинг ушланиши «уюштирилган» деб, жар солаётганлар бир томон бўлса, ушбу лавҳадан сўнг анчагина танилган журналист ва тармоқ фаоллари «видеони тайёрлаш ва уни тарқатиш қанча бўляпти» мазмунидаги хабарларни ёзишмоқда. Яна бир бошқа тоифалар эса «жиноятга жазо муқаррар, жиноят қилдими, жазосини олиши керак» демоқда.

Масалан, суд мажлиси якунланганидан бир неча соат ўтгач @KADRNEW телеграм каналида «Айримлар оғиз йиртиб Олимжон Хайдаровнинг айбсиз эканлиги ва унга туҳмат қилинаётганлиги ҳақида интернетда асоссиз шов-шув кўтармоқда. Мана аслида сизлар фаришта сифатида кўраётган Олимжон Ҳайдаровнинг асл юзи» мазмунидаги хабар ва видеолавҳа эълон қилинди.

Ушбу видеолавҳа ҳақиқийми ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шохрух Ғиёсовга мурожаат қилдик.

У ўз жавобида бу ҳақиқий тасвирлар эканлигини, судга тақдим этилганлигини билдириб, ўз навбатида «лавҳа ИИВ томонидан тайёрланмаганлигини» айтиб ўтди. Шунингдек, видеолавҳа юзасидан берилган фикрларга муносабат қилган Ғиёсов «Стандарт жараён. «Товламачилик» сўзидан кўра, «Пора» сўзини купюрага сиғдириш осонроқ. Кейин асосий далил бу ёзув бўлмайди, далил – пулларни номерларини далолатномада қайд этилган номерларга тўғри келиши ҳисобланади», – дея қўшимча қилган.

Кеча, суддан бироз вақт ўтгач эса, ушбу видеолавҳани ўз фейсбук тармоғига жойлаштирган тармоқ фаоли Алишер Рўзиохунов шундай дейди: «Холислик учун бу лавҳадаги ҳолатга эътибор қаратиш керак, деб ўйладим. Ўша айтилган Қўқон бозор раҳбариятини танийман. Иш бошланганда сўрагандим: Олим акани айби борми, деган саволга аниқ қилиб, «ҳа» деганди. Видеода ҳам бу кўрсатилган. Фақат билгичлар айтингчи, бу Олим аканинг овозими?»

Ушбу видео остида қолдирилган изоҳлардан бирида тармоқ кузатувчилари жараён ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишган. Уларнинг айримлари жараён рост ва ҳаққоний ўтган деса, айрими «уюштирилган», «бўхтон қилинган», деб, фикр қолдирмоқда.

Ҳайдаров қўлга олинган кундан бошлаб унга озодлик, бу бола ундай эмас, ҳалол деяётган фойдаланувчилар фикрига эътибор қиламиз.

 Аслиддин Камол ёзмоқда:

“Алишер Рўзиохунов суҳбат овози факт эмас, ҳозир исталган одамни овозини ёзиш мумкин. Бозор эгаси билан 10 минг $ га бозорни реклама қилиб бериш бўйича келишган ва олдиндан 7500 олган. Судда иштирок этганлар билади буни. Тадбир қилингандан кейинам ҳолатни тушунтириб, шу учун ўша куни у пулларни қайтарган. Судда бу ҳолат бўйича ҳеч бир айблов тасдиғини топмаган. Энди видео қилиб, кесиб, узуқ юлиқ тарқатишяпти. Агар 7500 пора бўлса нега унда бу пулларда кукун суртилмагану, тадбир қилинган кундаги 2500 га суртилган? Нега кукун суртилган тадбир видеоси йўқ ва Олимжон бу пулларни ушлаган жойи йўқ? Шунча видео тайёрлаганлар, Олимжонни қўлга олган кундаги асосий видеони нега юклашмаган? Шундан ҳам билса бўлади қуруқ тухматлигини», – дейди у.

Ўзи масаланинг учи қаерда бошланганди?

Anhor.uzга ишончли манбаалар берган хабарга кўра шов-шувларга сабаб бўлган холатлардан ташқари О.Хайдаров фирибгарлик йўли билан бошқа жиноятларни ҳам содир этганлигини очиқлади. О.Ҳайдаровга очилган жиноят иши юзасидан берилган «Айблов ҳулосаси»да эса бу маълумотларни кўришимиз мумкин. Улардан бирини тақдим қиламиз.

«Хайдаров Олимжон Одилович 2022 йил август ойида Hududgaz Farg‘ona газ таъминоти филиали раҳбари Содиков Вохиджон билан Hududgaz Farg‘ona газ таъминоти филиали биносида кўришиб, унга интернет ижтимоий тармоғи орқали филиалга тааллуқли бўлган салбий мазмундаги маълумотларни тарқатиб юборишини айтиб, ушбу маълумотларни тарқатмаслик эвазига 100 млн сўм пулларни беришни талаб қилиб, Facebook ижтимоий тармоғига «Даҳанаки жанг» сарлавҳаси остида Hududgaz Farg‘ona газ таъминоти филиали ходимларига тегишли салбий мазмундаги видеомақолани жойлаштириб, В.Содиковни ушбу видеомақолани ўчириб юбориш эвазига пул беришга мажбур бўладиган шароитга солиб, ушбу видеомақолани ўчириб юбориш эвазига фуқаро С.Абдуллаев орқали 50.000.000 сўм миқдордаги пулларни товламачилик йўли билан қўлга киритган. Бу эса биринчиси ва охиргиси эмас. Жиноят қилдими, қонунни буздими, қонунчиликга кўра жазосини олиши керак», – дейди бизга маълумотларни тақдим этган ва исмини ошкор қилишни истамаган ишончли манбаа.

Суддан кейин тармоқларда «портлаш» содир бўлди. Тарқалган лавҳа ортидан турли музокаралар бошланди

Шу куннинг ўзида эса шу ва шунга ўхшаш хабарлар тезкорликда ижтимоий тармоқлар ва ОАВлар сайтларида нашр қилина бошлади. Хаттоки улар орасида кўпчилиги «биз бу йигитни билардик, аллоҳни таниган, эътиқоди баланд йигит, бундай иш қилганига ишониш қийин» каби мазмундагилари ҳам йўқ эмас.

Масалан, собиқ Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати Расул Кушердаев ўз телеграм каналида шундай дейди: «Блогер Олимжон Ҳайдаровга нисбатан чиқарилган ҳукм Ўзбекистонда сўз эркинлигига нисбатан тоқатсизликнинг белгиси бўлди

Фарғоналик фаол журналист Муққаддасхон Шокирова эса «Очиғи ушбу хабарни эшитганимда қулоқларимга ишонмагандим. Наҳотки художўй бола шу ишга қўл урса деб ўйлагандим. Бироқ, кўрингани кўрганингдек бўлмаскан. Анча вақт бирга ишладик, пресс турларда қатнашдик, грант маблағи олиш учун лойиҳалар ёздик. Мен ҳаммани ўзимга ўхшатар эканман. Лекин ҳамма ҳам халол луқма емаскан. Агар шу бола тўғри йўлдан борганида эди, бизга ўхшаб узоқ йиллар эл ҳурматида бўлармиди. Бугун унга ҳукм ўқилганини эшитиб, очиғи хаёлим унинг фарзандлари ва ота онасига кетди. Эҳ, шайтон йўлдан урган бандалара…… Блогер Олимжон Ҳайдаров 8 йилга қамалди».

Шарифа Мурод эса Хайдаров билан бирга тушган фотосуратини илова қилиб, у ҳақида қуйидагича ёзади: «Қўлимиздан ҳеч нима келмади. Жамоатчилик фикри ҳеч нимани ҳал қилмади. 8 йил жуда кўп. Жудаям кўўўўўўп!».

Ушбу фотосурат остида тармоқ фойдаланувчиси Одинахон Назарова эса шундай фикрларни қолдирган. «Мен бир нарсага хайронман. Шунча тарафкаш бу ерда ўзиларни кўрсатиб аюханнос солмай, айби йўқ бўлса, адвокат ёллаб, исботланглар эди. Тўйдан кейинги ногорани кимга кераги бор».

Юқоридагилар шунингдек, бу ишлар «демократик давлатда сўз ва сўз эркинлиги мана шу каби ишлар билан бўғиб қўйилмоқда» каби фикрларни ҳам айтишмоқда.

Жараёнларни денгиз ортидан кузатаётган Америка овози нашри ўз фейсбук саҳифасида «Судни яқиндан ва узоқдан кузатган блогерлар, сафдош фаоллар ва журналистлар ижтимоий тармоқларда Ҳайдаровнинг судлови ва унга берилган ҳукмни танқидчи овозларни янада сўндириш, ҳукумат ва амалдорларни саволга тутган фуқароларга тоқат қилинмаслиги борасида жиддий ва кескин огоҳлантириш», – бўлди деб, талқин қилмоқда.

«Улар назарида Ўзбекистонда раҳбарияти ваъда қилган демократик ислоҳотлар аслида сафсата. Тизим, дея таҳлил қилмоқда улар, ўзига ёқмаган танқидчиларни истаган пайтда турли баҳоналар билан жиноятчига чиқариши ва жазолаши мумкин.  

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ҳисобича, бу йилнинг ўзида Ўзбекистонда 20 нафардан ортиқ блогер ва активист тергов қилинган, судланган, қамалган. Тизим уларни аксарият ҳолларда товламачилик, ҳақорат ва туҳматда айблайди. 

Ҳайдаровга қўйилган айбловлар, дейди мутасаддилар, судда исботини топган. Блогернинг тарафдорлари ва оиласи бунинг аксини айтади»,дейилган Америка овозининг постида.

Vodiy24.uz интернет-сайти эса ўзининг телеграм каналида суддан сўнг адвокат Дилшод Жабборовнинг аудиосини жойлаштирган ва «Блогернинг қамалишига блогер сабабчи бўлганми?» сарлавҳаси остида қуйидаги фикрларни келтириб ўтган: «Блогер Олимжон Ҳайдаровнинг адвокати Дилшод Жабборовнинг айтишича, Олимжонга қўзғатилган жиноят ишида жабрланувчилар бўлган «Қўқон Истиқлол» деҳқон бозори эгаси Р.С ва бошқарувчиси О.Х лар дастлаб ҳолат бўйича Олимжонни устидан шикоят қилиш нияти бўлмаган. Ўзаро келишган ҳолда иш қилинган. Кейинчалик, қўқонлик блогер Комил Ахмедовнинг «тадбир қилинглар», деган гапи билан шикоят қилинганини айтишган».

Ҳулоса қиладиган бўлсак, бугун очиқлик, ошкоралик таъминланган, Конституция билан барча ҳуқуқ ва эркинликларимиз шу билан бирга мажбуриятларимиз ҳам белгилаб берилган. Демак, журналистлар, блогерлар, ижтимоий фаол фуқаролар ва ҳар бир тармоқ фойдаланувчилари огоҳ ва ҳушёр бўлишлари, фаолият жараёнида қонунларга аниқ риоя қилишлари уларни турли ноҳуш вазиятларга тушмасликларининг кафолати.

Блогер Олимжон Ҳайдаров, унинг оила аъзолари ва яқинлари учун жиноят-процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатда Фарғона вилоят судининг апелляция инстанциясига шикоят бериш ва протест келтириш ҳуқуқи мавжуд. Шундан келиб чиқиб Блогер Олимжон Ҳайдаров Жиноят ишлари бўйича Фарғона туман судининг 8 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳукми устидан апелляция шикояти беришини маҳкумнинг укаси Салимжон Ҳайдаров «Газета.uz»га маълум қилганлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, танқидий чиқишлари билан танилган фарғоналик блогер Олимжон Ҳайдаров жиноят содир этганликда гумонланиб, 29 июль куни ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди. У «Қўқон Истиқлол» савдо комплекси раҳбарларидан салбий мазмундаги мақолани интернетда тарқатмаслик эвазига 10 000 доллар талаб қилганликда айбланганди. Anhor.uz блогер қўлга олинганидан сўнг ижтимоий тармоқлардаги расмий манбаалар тарқатган маълумотларга асосан материалларни эълон қила бошлаган. Бу орада О.Ҳайдаровнинг хатти-харакатлари бўйича бошқа айбловлар ҳам эълон қилиниб улгурганди. Шунингдек, Олий суд матбуот котиби Азиз Абидовнинг ўзининг телеграм каналида, «29 июль куни жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судида Қўқон шаҳар прокурорининг Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 227-моддаси (суриштирувчининг, терговчининг ёки прокурорнинг қарорига биноан ушлаб туриш) тартибида ушланган Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилган»лигини билдиради. Суднинг 29 июлдаги ажрими билан Қўқон шаҳар прокурорининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, Олимжон Ҳайдаровга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳибсхонасига жойлаштирилди.

О.Ҳайдаров қамоққа олинган кунларда «Газета.уз» интернет нашри мухбири блогернинг укаси Салимжон Ҳайдаров билан боғланган ва унинг суҳбатда ишонтиришича, ҳуқуқ-тартибот органлари ўтказган тезкор тадбир уюштирилган. Акаси ҳибсда очлик эълон қилганлигини иддао қилган ҳолда сўзида давом этган: «Акамни ҳибсга олингани ҳақидаги хабарни ижтимоий тармоқлар орқали билдик. Кейин ўзи Қўқон шаҳар ИИБдан имкон топиб, қўнғироқ қилди. Унинг айтишича, Боғдод туманида кўчада таниши билан гаплашиб турганида ички ишлар ходимлари келиб, қўлини орқасига қайириб, акамнинг машинасига пул ташлаб, мажбурлаб қўлини [кимёвий ишлов берилган пулга] теккиздиришган. Бундан биз яқинлари жуда қаттиқ хавотирдамиз. Бу ҳолат уюштирилган, деган фикрдамиз», — дейди Салимжон Ҳайдаров.

Унинг қўшимча қилишича, 29 июль куни тахминан соат 17:00 ларда ИИО ходимлари блогернинг уйида тинтув ўтказишган.

Салимжон Ҳайдаровнинг сўзларига кўра, блогернинг яқинлари уни товламачилиги ҳақида бирор марта гап-сўз эшитмаган. «Шу пайтгача акамни бировдан пул олиб, фаолият юритганини эшитмаганмиз. Кам-кўсти учун уйдан пул олиб ишлатарди», — дея қўшимча қилган укаси ўз интервьюсида.

Бироқ тарқалаётган манбаа ва материаллар О.Ҳайдаров қўлга олингандан кейин билдирилган фикрларини, оила аъзолари ва яқинларининг муносабатларини инкор этмоқда. Жараёнларни кузатишда давом этамиз.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.