Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришнинг нархи 1 300 АҚШ доллари
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “П.Ў.” УК ўргатувчи устаси Р.М. фуқаролар М.А. ва Р.М.га Фарғона вилоятидаги танишлари ёрдамида “В.”, ”С.” ва «Е.» тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиб бериши эвазига 1 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Бу ҳақда Департамент матбуот хизмати хабар қиляпти.
«Шу каби, Департаментнинг Чиноз туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Б.Т. фуқаро К.Б.га гўёки “Ватанпарвар” ташкилотида ишловчи танишлари ёрдамида имтиҳонларга қатнашмасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериши эвазига 1 100 АҚШ долларини олган олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган», – дейилади хабарда.
Департаментнинг Навоий вилоят бошқармаси томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, фуқаро А.А. фуқаро Ж.Р.га автомактабда ўқиганлиги ҳақида маълумотнома тайёрлаб бериб, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун ўтказиладиган имтиҳонлардан гўёки ЙҲХБда ишловчи танишлари орқали ўтказиб қўйиши эвазига 1 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
«Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», – дейилади.
Шарҳлар