Аэропортда 37 ёшли аёл вафот этганлиги тўғрисидаги хабар ёлғон бўлиб чиқди

Foto: UzAirways

Ижтимоий тармоқларда 37 ёшли аёл «томожний» текширувини кутаётган пайтда вафот этганлиги тўғрисидаги хабарлар тарқалди. Масъуллар ушбу ҳолатга расмий муносабат билдирди.

«Uzbekistan Airports»нинг хабар қилишича, 7 октабрь куни Тошкент вақти билан соат 17:34 да Тошкент халқаро аэропорти тиббиёт пунктига йўловчининг учиб келиш залида ўзини ёмон ҳис қилаётгани ҳақида хабар келиб тушган. ҲЙ-334 Дубай – Тошкент рейси билан келган 1986 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси паспорт назоратидан ўтгач дарҳол ёрдам сўраган. Йўловчи бош оғриғи ва ўзини ёмон ҳис қилаётганидан шикоят қилган.

Йўловчи шикоятлари ва у билан бирга учиб келган шахсларнинг сўзларини инобатга олган ҳолда аэропорт тиббиёт пункти ходимлари биринчи тиббий ёрдам кўрсатиб, касалхонага ётқизиш учун шаҳар тез ёрдам хизматини чақиришган.

Соат 18:32 да тез ёрдам машинаси йўловчини Тошкент аэропортининг учиб келиш залидан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетган.

Шунингдек, Бош Прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов ҳам ушбу ҳолатга муносабат билдирди: «Аэропортда бир аёл вафот этганлиги ҳақидаги хабарлар  мутлақо ҳақиқатга тўғри келмайди. Бугун, 8-октабр куни Дубаи-Тошкент авиарейсида учиб келган, 1986 йилда туғилган аёлнинг соғлиғи ёмонлашган. Ҳозирда аёл шифохонага ётқизилиб, унга зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда».

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.