Аёлга тегажоғлик қилган эркак 10 суткага қамалди

Источник: Zamon

Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги маҳаллаларнинг бирида яшовчи «мулла» аёл мижозига нисбатан тажовузда айбланиб, судланди, деб ёзади “Газета” нашри.

Эркак тўрт йил аввал “Ал-Бухорий мадрасаси”да диний таълим олганлиги тўғрисидаги гувоҳномаси борлигини айтган.

Суд ҳужжатларида кўрсатилишича, келинининг соғлиғи ёмонлашгани учун қайнотаcи уйга «мулла» чақирган. Шундан сўнг, келинни «ўқиб қўйишини» айтган шахс хонадагиларнинг барчасини ташқарига чиқариб юборган. Аёл билан ёлғиз қолган эркак унга қўл теккизиб, қучоқлаб, ўпган ва турли сўзлар билан шилқимлик қилган.

Шунингдек, у келинни араб тили мактабига киритиб қўйишини, ҳар куни кечқурун уйидагиларга билдирмасдан унинг уйига бориши кераклигини айтган.

Кейинчалик келин бу шахс устидан ички ишлар органларига шикоят қилган. Бироқ судланувчи инспекторнинг талабига бўйсунмай, терговга келишдан бош тортган.

Суд жараёнида эса 47 ёшли эркак айбига иқрор бўлди. Унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 10 сутка маъмурий қамоқ ва 600 минг сўм жарима жазоси тайинланди.

Хабарда айтилишича, бу шахс аввал ҳам ичкилик ичиб, жамоат жойида тартиб бузгани учун жаримага тортилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси пайшанба куни эълон қилган баёнотда судланувчининг ҳеч қандай диний маълумотга эга эмаслиги ва илгари дин қатъиян қоралайдиган ишлар – фолбинлик, фирибгарлик ва ичкиликбозлик учун судланганлигини қайд этилади.

У айтаётган Ал-Бухорий мадрасаси мамлакатда йўқ. “Араб тили курслари каби ўқув курсларида ўқиш эса диний фаолият юритиш ҳуқуқини бермайди”, дейилади баёнотда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.