Ғайритабиий совуқлар даврида Ўзбекистонда электрни қисқа муддатга ўчиришлар кузатилмоқда

Источник: АО «Национальные электрические сети» Узбекистана

Энергетика вазирлиги кутилаётган ғайритабиий совуқ кунларда электр тармоқларида кўриладиган чора-тадбирларни белгилади.

Энг аввало, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир билан барқарор таъминлаш чоралари кўрилади. Бунинг учун:

1. Автомобилга газ тўлдириш компрессор шохобчалари фаолиятига киритилган чекловлар давом этади;

2. Йирик саноат корхоналарини табиий газ билан таъминлаш кескин қисқартирилади;

3. Энергетика тизимидаги йирик истеъмолчилар томонидан бир кунлик электр энергияси истеъмоли камаяди, тежалган 11-12 миллион кВт/соат электр энергияси маиший истеъмолга йўналтирилади;

4. Энергетика тизимида юз бериши мумкин бўлган йирик аварияларнинг олдини олиш, барча истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш мақсадида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан келишилган тасдиқланган жадвалларга мувофиқ қисқа муддатли чекловлар жорий этилади;

5. Иссиқлик электр станциялари ва электр энергияси ишлаб чиқариш марказларининг барқарор ишлашини таъминлаш мақсадида кунига ўртача 49 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади;

6. Бугунги кунга қадар мазкур станциялар учун 90 минг тонна мазут ва 280 минг тонна кўмир захиралари яратилган;

7. Истеъмолчиларга кунлик кўмир етказиб бериш 5 минг тоннадан 8 минг тоннагача оширилди.

Энергетика вазири бошчилигидаги йиғилишда совуқ кунларда электр энергиясига бўлган талаб ортиши натижасида электр тармоқлари ва трансформатор пунктларига юк кескин ошиши таъкидланди.

“Диспетчерлар маҳаллий ҳокимликлар ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналари томонидан тасдиқланган чеклаш жадвалларига қатъий риоя қилади, яъни белгиланган муддатдан ташқари чеклов киритмайди. Ҳудудлар бўйича жорий этилган чеклашлар жадвали икки соатдан ортиқ бўлмаган интервал билан барча ҳудудий электр тармоқлари корхоналарининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилинган.

Шунингдек, ғайритабиий совуқ кунларда тармоқларда юзага келиши мумкин бўлган носозликларни бартараф этиш мақсадида электр ва газ таъминоти корхоналарида 1000 дан ортиқ махсус бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар туну-кун ишлайди. Ушбу жамоалар муаммоларни тезда бартараф этишни таъминлайди.

Истеъмолчилар Telegram тармоғидаги @het_admin администраторига 1154 қисқа рақами орқали ёки 1104, 104 ёки Facebook ижтимоий тармоғидаги гуруҳ орқали, шунингдек, кўмир етказиб бериш бўйича 78-148-30-03, 71-244-38 -28 рақамларига ва Telegram тармоғидаги @uzbekcoaluz_bot га мурожаат қилишлари мумкин.

Ушбу босқичда Энергетика вазирлиги истеъмолчилардан электр қурилмалари ва иситиш мосламаларига ўта эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишни, фойдаланилмаётган соатларда ушбу қурилмаларни тармоқдан узиб қўйишни, энергия ресурсларидан имкон қадар тежамкорлик билан фойдаланишни, газдан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсияларга қатъий амал қилишни сўрайди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.