Ака-ука Усувалиевларга боғлиқ ҳолатга суд ҳукми ўқилди

Ижтимоий тармоқларда ака-ука Усувалиевлар ва инспектор ўртасида келишмовчилик келиб чиққанлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Ушбу ҳолатга доир жиноят иши юзасидан Фарғона вилояти судлари томонидан маълумот берди.

Хабарга кўра, жиноят ишлари бўйича Бувайда туман суди томонидан 2024 йил 27 июнь куни Жиноят кодексининг 219-моддаси 2-қисми, 227-моддаси 1-қисми билан айбланган Фарҳоджон ва Бунёдбек Усивалиевларга оид жиноят иши кўриб чиқилган.

Суд судланувчилар муқаддам судланмаганлигини, айбига тўлиқ иқрор, пушаймонлигини, ҳар икки судланувчининг оилавий шароитини, ҳар иккисининг қарамоғида 3 нафардан вояга етмаган фарзанди борлигини, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги ва енгиллик бериш ҳақидаги фикрларини инобатга олган.

Шунингдек, суд томонидан жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаганлиги, мазкур жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси эътиборга олиниб, ҳар икки судланувчига нисбатан қонун санкциясида белгиланган доирада (3 йилдан) озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Суд ҳукми устидан тарафлар томонидан шикоят ёки прокурор томонидан протест келтирилмаган. Ҳукм 2024 йил 11 июлдан қонуний кучга кирган ва судланувчиларнинг яшаш жойидаги ИИБга жазони ижро қилиш учун юборилганлиги маълум қилинди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.