Актриса Нилуфар Ҳамидова «Ўзбекконцерт»дан огоҳлантириш олди

Фото: «Узбекконцерт»

Актириса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидова эфирга очиқ либосда чиққани учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасасидан огоҳлантириш олди.

Актрисанинг фотосуратларида ташкилот унинг оёқлари ва кўйлагининг этакларини ёпган. Муассаса Хамидованинг концерт тадбирларидаги хатти-ҳаракати одоб-ахлоқ қоидаларига зид эканлигини ва томошабинларнинг норозилигига сабаб бўлаётганини билдиради.

 «Cўнгги пайтларда концерт-томоша соҳасида артистнинг одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган хатти-ҳаракатлар қилиши ҳамда томошабинларнинг ҳис-туйғуларини ҳақорат қилувчи, концерт тадбирларида репертуаридаги савиявиз ва ноўрин қўшиқлар куйлагани, ахлоқсизлик ғояларини тарғиб қилувчи ҳолатларга йўл қўйгани учун айрим ижодкорлар ижтимоий тармоқлар орқали томошабинлар ва санъат мухлисларининг ҳақли эътирозларига ҳамда муҳокамаларига сабаб бўлишмоқда», — дейилади хабарда.

Жумладан, Нилуфар Ҳамидова «Миллион» ижодий жамоаси концерт дастурида ташкилотчиларнинг эътирозига қарамай, очиқ либосда саҳна кўринишини тақдим этган. Бу ҳаракати билан у концерт-томоша фаолияти учун берилган лицензия талаб ва шартларини бузган.

«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси масъул ходимлари томонидан актриса ва бошловчи Нилуфар Ҳамидова билан суҳбат ўтказилиб, бундан буён лицензия талаб ва шартларига риоя қилиши, агарда шу каби ҳолат яна такрорланадиган бўлса, унда қонуний чора кўрилиши тўғрисида огоҳлантирилган. Шунингдек, бу борада «Миллион» ижодий жамоаси раҳбари Д.Кабулов билан ҳам суҳбат ўтказилиб, жамоанинг кейинги дастурларига актриса Н.Ҳамидовани жалб этмаслик масаласи ҳам кўриб чиқилган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.