Алишер Усмонов “пенсияга чиқиши муносабати билан” РСТИ бошқаруви бюросидан чиқаришларини сўради

Источник: cnews.ru

Тадбиркор Алишер Усмонов Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқи (РСТИ) бошқаруви бюроси аъзолигидан чиқаришларини сўради. Бу ҳақда РБК’га Россия саноатчилар ва тадбиркорлар иттифоқига яқин манба маълум қилди, деб ёзади “Медуза” нашри.

Ҳақиқийлиги нашр манбаси томонидан тасдиқланган баёнотга кўра, Усмонов “нафақага чиққани ва фаол меҳнат фаолиятини якунлаганлиги муносабати билан” эгаллаб турган лавозимидан озод этишларини сўраган.

РБК маълумотларига кўра, Усмоновнинг аризаси кўриб чиқиладиган бошқарув бюросининг йиғилиши 25 январга белгиланган.

Усмонов аввалроқ нафақага чиқиш режалари ҳақида маълум қилганди. 2012 йилда у олти ой ичида барча активларини ягона холдингга бирлаштириб, бизнесни бевосита бошқаришдан воз кечишини айтганди. Forbes журналига берган интервьюсида у 63 ёшга келиб, албатта нафақага чиқишини ва хайрия билан шуғулланишини билдирганди. Усмонов ҳозир 69 ёшда.

Алишер Усмонов “Металлоинвест”, “Удоканская медь” ва “МегаФон” компанияларини ўз ичига олган USM гуруҳининг асосчиси ва энг йирик акциядори ҳисобланади. У Forbes талқини бўйича россиялик энг бой миллиардерлар рўйхатида еттинчи ўринда туради. Журнал унинг бойлигини 11,5 миллиард долларга баҳолаган.

Россия Украинага бостириб кирганидан кейин Алишер Усмонов бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа Ғарб давлатларининг санкцияларига учради.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.