“Ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини машинада ташидим” — Россия армиясига ёлланган яна бир ўзбекистонликка ҳукм ўқилди

Фемида
Источник: unsplash.com

Булунғурлик 56 ёшли фуқаро Россия фуқаролигини олиш учун Тошкентдаги Россия элчихонасига мурожаат қилган. Элчихона кўрсатмаси билан Челябинск областига бориб, Россия фуқаролигини олган одам тез орада Украинага қарши урушга жўнаб кетган. 2023 йил октябрь ойида Донецк областида дрон ҳужуми натижасида қўл ва оёқларидан жароҳатланган. Россия армияси сафида жанг қилган ўзбекистонликка нисбатан ҳукм чиқарилди. Kun.uz суд ҳужжати билан танишди.

Суд ҳукмига кўра, Самарқанд области Булунғур туманида яшовчи 1968 йилда туғилган Ш.Ж. 2023 йил август ойида Россия Федерацияси қуролли кучлари сафига чақирилган. 2023 йил 28 августдан 11 октябргача Донецк ва Луганск областларида Украинага қарши жанговар ҳаракатларда қатнашган.

Ш.Ж. Россия фуқаролигини олиш учун Россиянинг Тошкентдаги элчихонасидан “йўлланма” олган. Бу ҳақда у судда берган кўрсатмасида айтиб ўтган.

“2005 йилдан бери Россия Федерациясининг Санкт-Петербург ва Москва шаҳарларида қурилиш-таъмирлаш ишларида электромонтёр бўлиб ишлайман. Бу даврда қоғозбозлик билан кўп қийинчиликларга дуч келдим. Шунинг учун 2023 йил апрель ойида Ўзбекистонда бўлганимда Россиянинг Тошкентдаги элчихонаси билан боғландим. У ерда менга Челябинск областига боришни маслаҳат беришди ва у ерда Россия фуқаролиги масаласини кўриб чиқиш учун кўрсатма беришди, – дейди у.

Унинг сўзларига кўра, у СССР даврида туғилгани учун Челябинск областига бориб, Россия фуқаролигини олган.

“2023 йил 28 август куни Санкт-Петербург мудофаа ишлари бўлимига рўйхатдан ўтиш учун келганимда, улар менга Россия Федерацияси қуролли кучларида ҳарбий хизматни ўташ учун шартнома беришди. Уни ўқиб чииқшга ҳам улгурмадим. Россия Мудофаа вазирлиги ходимлари мени ҳарбий полигонга олиб кетди, у ерда ҳарбий кийим ва қурол беришди, кейин мен ва бошқаларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказиш учун Россия ва Украина ўртасида ҳарбий амалиётлар олиб борилаётган Донецкка жўнатишди, биз ҳарбий амалиётлар давомида Россия томонидан қўлга олинган ҳудудлардаги объектларни қўриқлаганмиз”, – дейди у.

Ш.Ж. 2023 йил октябрь ойида Донецк областида уларга Украина дронлари гранаталар билан ҳужум қилинганини қўшимча қилади. Граната парчалари тегиши натижасида у ўнг ва чап тиззалари ва қўллари соҳасидан яраланган. Шундан сўнг у Санкт-Петербургдаги ҳарбий госпиталда даволанган. 2024 йил 25 апрель куни ўғли билан Ўзбекистонга қайтиб келган.

Суд ҳукмига кўра, Ш.Ж. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида (Ёлланиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган ва 3 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.