Тошкентда метро бекатлари қайта номланади, “Бунёдкор” стадионида эса концертлар ўтказилади

Тошкентда метро бекатлари қайта номланади

Тошкент шаҳар ҳокимлигида ўтказилган навбатдаги матбуот анжумани Чилонзор тумани ҳокимлиги фаолиятига бағишланди. Унда Чилонзор тумани ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Сайфулла Аҳмедов журналистларга тумандаги транспорт инфратузилмасини яхшилаш, айрим метрополитен бекатларининг номини ўзгартириш, “Бунёдкор” стадионида концертлар ўтказиш бўйича режаларни маълум қилди, деб ёзади “12news” нашри.

Унинг сўзларига кўра, 2015-18 йиллар давомида Чилонзор туманидаги Қатортол ва Шуҳрат кўчалари чорраҳасида остин-устун ўтадиган янги йўл қурилиши режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, “Қатортол” бозорига транспортда етиб олиш муаммоси ҳал этилади. Бу ердаги йўл жуда тор бўлгани ва йўл чеккасига қўйилган машиналар туфайли йўлда тез-тез машиналар тиқини юзага келмоқда. Бундан ташқари, жамоат транспорти тўхтайдиган бекатлар ҳам ноқулай жойлашган. Шу боис йўл 7-10 метрга кенгайтирилади. Шунингдек бозор атрофидаги ҳудуд ва бозор қиёфаси ҳам яхшиланади.

Аҳмедовнинг айтишича, тумандаги “Бунёдкор” стадиони ўзбек ва чет эл эстрада юлдузларининг концертларини ўтказиш майдончасига айланади. «Бунинг учун махсус дастур ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра спорт аренасида нафақат футбол ўйинлари, балки эстрада концертлари, фестиваллар, бошқа спорт турлари бўйича чемпионатлар ҳам ўтказилади. Келаси йили стадионда тўртта йирик тадбир ўтказилиши мўлжалланмоқда», — дейди у.

Шунингдек Аҳмедов яқин орада Тошкентда тўққизта кўп қаватли автомобиль тураргоҳи қурилиши режалаштирилаётганини ҳам қайд этди.  Уларнинг ҳаммаси Чилонзор туманида жойлашади: “Чилонзор” бозори ёнида, собиқ  АҚШ элчихонасининг ўрнида, яна биттаси машҳур “Абу-Сахий” бозори ёнида. Уларнинг барчаси лойиҳага қараб камида беш қаватли, кўпи билан етти қаватли бўлади.

Матбуот анжумани давомида Ғафур Ғулом номидаги маданият ва истироҳат боғи ҳам модернизация қилиниши маълум қилинди. Бундан ташқари, туман орқали ўтадиган метро йўналишининг “Ҳамза” бекати йил охиригача қайта номланиши ҳам қайд этиб ўтилди.

«Ҳозир қайта номлаш билан боғлиқ масалаларни ўрганувчи махсус комиссия ишламоқда. Хусусан, комиссия томонидан бекат қандай ном билан аталиши бўйича қатор таклифларни кўриб чиқяпти. Масалан, “Собир Раҳимов” бекатини “Олмазор” номига ўтказиш тўғрисидаги қарор бироз шошилинч бўлди, шу боис ушбу бекат ҳам бирор-бир таниқли арбобнинг номи билан аталиши мумкин», — деди Сайфулла Аҳмедов. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.