Альцгеймер касаллигининг инсондан инсонга юқиш ҳолати кузатилди
Тиббиёт тарихида илк бор Альцгеймер касаллигининг инсондан инсонга юқиши билан боғлиқ клиник ҳолатлар аниқланган. Бу Буюк Британия олимлари томонидан ўтказилган тадқиқот давомида маълум бўлган ва мазкур патология 8 нафар беморда қайд этилган. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати ёзмоқда.
“Бу воқеликнинг илдизи анча узоқ. Гап шундаки, ўтган асрнинг 60-80-йилларида Буюк Британияда ўлган донорлар гипофиз безидан олинган ўсиш гормони билан даволаш усули амалиётда қўлланилган” – дейилади хабарда.
Оқибатда, вақтлар ўтиб, энсефалопатия, яъни, бош мияда пайдо бўлган нуқсонлар туфайли беморлар орасида кўп ўлим ҳолатлари кузатилган ва янги терапия усулига тақиқ қўйилиб, уларнинг ўрнини синтетик гармонлар эгаллаган.
Шунингдек, ўша янглиш муолажалар туфайли 8 нафар беморда 35-50 ёшида Альцгеймер касаллигининг ўзига хос белгиси бўлган бета-амилоид оқсили юзага келгани аниқланган. Ваҳоланки, уларда ушбу хасталикка мутлақо мойиллик бўлмаган.
“Буни олимлар 2017-2022 йилларда ўтказилган тадқиқотлар давомида ўрганишган ва ҳозирда ана шу 8 бемордан 3 нафари ҳаётдан кўз юмди”, – дейилган.
Мутахассислар фикрига кўра, Альцгеймернинг юқиши вирусли ёки бактериал инфекциялар каби кечмайди. Бу патология фақат бемор донордан инсон тўқималари тасодифий кўчириб ўтказилган ҳоллардагина юз бериши мумкин. Бунга зарарланган гипофиз бези гормонлари сабаб бўлади.
Шарҳлар