Андижондаги мактабда кеч қолган ўқувчи қизларни ўтириб-туришга мажбурлаган ходимга интизомий чора кўрилди
Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида кеч қолган ўқувчи қизлар ўтириб-туриш машқларини бажараётгани акс этган видео тарқалди. Андижон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолат юзасидан расмий муносабат еълон қилди.
Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ҳолат жорий йилнинг 12 сентябрь куни содир бўлиб, мактабнинг 10-“З” синф ўқувчилари соат 9:20 да мактабга келишгани, улар томонидан мунтазам дарсга кеч қолиш ҳолатлари кузатилаётгани боис мактабнинг маъсул ходими Д.Т томонидан ўқувчилар тартибга чақирилган.
Ушбу ҳолат мактаб директори томонидан назоратга олиниб, ўқувчилар дарсларга киритиб юборилган ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари билан дарс жараёнлари 8:00 дан бошланиши ва ушбу вақтда ўқувчиларнинг мактабга келишларини таъминлаш зарурлиги юзасидан суҳбат олиб борилди.
Шунингдек, мактаб директори томонидан маъсул ходим Д.Тга ўқувчилар билан педагогик этика қоидаларига риоя этган ҳолда муносабатда бўлиши юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, унга нисбатан интизомий чора қўлланилди.
Шарҳлар