Андижонда маҳкумнинг ўлимида айбдор деб тан олинган 12 нафар ИИО ходимига ҳукм ўқилди

Источник: xs.uz

Иш материалларига кўра, ўтган йилнинг 19 март куни Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида яшовчи 32 ёшли С.М. Ички ишлар вазирлиги тергов изоляторига олиб келинган. Аввалроқ суд унинг ахлоқ тузатиш ишлари тарзидаги жазосини озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирган эди. Бу ҳақда UzNews.uz нашри Олий судга таянган ҳолда ёзади.

Маълум бўлишича, тергов изоляторида маҳкум 12 нафар ички ишлар органлари ходимлари томонидан қийноққа солинган ва калтакланган.

Маҳкумга тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига, тергов изоляторининг 32-камерасига жойлаштирилиб, у ерда бошқа маҳкум Ж.У. билан жанжаллашган, натижада у яна калтакланган ва турли даражадаги жиддий тан жароҳатлари етказилган.

Тахминан 3 соатдан кейин С.М. вафот этган.

Иш ҳужжатларига кўра, тергов ҳибсхонаси даволаш профилактика ёрдам кўрсатиш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Т.А. бўлим шифокор-психиатри Ш.А. 12 нафар ходим томонидан калтакланган С.М.ни 32-камерага жойлашдан олдин тиббий кўрикдан ўтказган, бироқ ўз вазифаларини лозим даражада бажармай уни объектив баҳолашмаган, бунинг оқибатида С.М.нинг ўлимига йўл қўйиб беришган. Аниқланишича, марҳум маҳкумда бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, бош мия юмшоқ ва қаттиқ парда остига қон қуйилиши, бош мия шиши аниқланган. Шифокорлар маҳкумнинг тиббиёт дафтарчасига унинг аҳволи яхши экани, ташқи тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги ҳақида сохта қайдларни ёзиб қўйишган.

Судда гумонланувчиларнинг айби исботланиб, уларга ҳукм ўқиб эшиттирилди.

Қуйидаги мансабдор шахсларга 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди:

— ИИВ ЖИЭ 3-сонли тергов изолятори бошлиғининг ёрдамчиси – смена бошлиғи У.А.;

— 3-сонли тергов изоляторининг тартибни таъминлаш бўлими катта инспектори Ж.Р.;

— корпус бошлиғи Э.Р.;

— тартибни таъминлаш бўлими катта назоратчиси М.Ж.;

— тартибни таъминлаш бўлими катта назоратчиси С.И.;

— тартибни таъминлаш бўлими катта назоратчиси М.М..

Қуйидаги мансабдор шахслар ҳам жиноят содир этишда айбдор деб топилиб, суд қарори билан 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди:

– тергов изоляторининг бошлиғи Г.Г.;

– тартибни таъминлаш бошқармаси корпус бошлиғи З.Ш.;

– тезкор-қидирув бошқармаси катта тезкор ходими И.И.;

– тартибни таъминлаш бўлими назоратчиси Д.М.;

– даволаш-профилактика бўлими мудири А.Т.;

– даволаш-профилактика бўлими психиатри Ш.А.

Бундан ташқари, марҳум маҳбусни камерада калтаклаган маҳкум Ж.У.га 4 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу билан бирга, маҳкумнинг ўлимида суд томонидан айбдор деб топилган 12 нафар ИИО ходимидан 10 нафари ички ишлар органларида бир ярим йил, 2 нафари эса бир йил муддатга ички ишлар органларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.