Андижонда қурилиши якунланмаган бино плиталари ва деворлари қулаб тушди

Источник: кадр из видео

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрида қурилиши якунланмаган бино бузилиб кетгани айтилган хабар тарқалганди. Ҳолат бўйича вилоят қурилиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди, деб баёнот берди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати, деб ёзади «Газета» нашри.

Аниқланишича, объектнинг қурилиш ишлари 2022 йил март ойида бошланган. Назорат тадбирлари давомида фуқаро И.Усмонов тегишли шаҳарсозлик ҳужжатларисиз, инспекцияни хабардор қилмасдан, объектда қўшимча 2 қават (4−5-қават) қўшиб, қурилиш ишларини амалга оширган.

Ҳолат бўйича фуқаро И.Усмоновга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 99-моддаси 7-қисми (Объектларни давлат экспертизасининг лойиҳа-смета ҳужжатларига, шу жумладан, иш ҳужжатларига доир ижобий хулосасисиз, шунингдек қурилиш соҳасида назорат қилиш ва йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияларининг рухсатномасисиз қуриш) билан маъмурий чора қўлланган.

Қурилиш ишлари давомида бинодаги темир-бетон плиталарининг қулаб тушиши ва бино юқори қаватларидаги деворлар бузилишига ишчилар томонидан темир-бетон плиталар устига меъёрдан (меъёр бўйича 1 метр квадрат юзага 800 кг юк тушиши белгиланган, лекин ушбу юзага 1400−1500 кг атрофида юк жойланган) ортиқ қурилиш материаллари юклангани ҳамда юкларни автокранда тушириш жараёнида динамик қўйиш ҳосил бўлиши сабаб бўлган.

Инспекция томонидан объектнинг шаҳарсозлик ҳужжатларисиз қурилган ва яроқсиз ҳолга келган 4 ва 5-қаватларини фуқаро И.Усмонов томонидан техника хавфсизлик талабларига қатъий риоя этган ҳолда бузиб (демонтаж) олиши кераклиги тушунтирилган, бинонинг 5-қавати демонтаж қилинган.

Ҳозирда И.Усмоновнинг молиявий муаммолари сабаб бинонинг 4-қаватини бузиш ва қурилиш ишларини давом эттириш вақтинча тўхтатилган. Объектнинг демонтаж ишларини бажариш ва қурилишни давом эттириш инспекция томонидан назоратга олинган.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.