Аномал совуқ оқибатларини бартараф этиш учун Тошкентга 584 млрд сўм маблағ ажратилади
Тошкент шаҳрига аномал совуқ об-ҳаво оқибатларини бартараф этиш учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси томонидан 584 миллиард сўм ажратилади. Тегишли фармонни 9 февраль куни Шавкат Мирзиёев имзолади, деб ёзади “Новости Узбекистана” нашри.
Ҳужжатга кўра, маблағлар совуқдан жабр кўрган маҳаллаларнинг ички йўллари, пиёдалар йўлаклари, муҳандислик-коммуникация воситаларини таъмирлаш ва ободонлаштиришга йўналтирилиши керак. Пойтахт ҳокимлиги томонидан кредит маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳридаги ҳар бир маҳаллага 1 млрд. сўмдан ажратилади.
Шаҳар ҳокимлиги бу пулларни 2023-2024 йилларда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан қайтариши шарт. 2023 йилнинг тўртинчи чорагида ҳокимлик 200 миллиард сўмни қоплаши керак бўлади. Қолган 384 миллиард сўм 2024 йилнинг тўрт чорагида тенг улушларда қайтарилиши белгиланди.
Ажратилган маблағлар нимага йўналтирилиши бўйича қарорни Тошкент шаҳар туманлари ҳокимликлари маҳаллалар раислари билан биргаликда қабул қилишлари керак. Улар томонидан тузилган рўйхатлар халқ депутатлари туман Кенгашлари мажлисларида тасдиқланади.
Шарҳлар