АОКА жамоатчилик фаоли Ирина Матвиенкога қарши таҳдидни қоралади
Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги Ирина Матвиенкога нисбатан таҳдидлар ҳолати бўйича баёнот чиқарди. Агентлик бу каби ҳолатларни сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш, журналистларнинг эркин фаолият кўрсатиши борасидаги янгича очиқлик сиёсатига зид хатти-ҳаракатлар сифатида кескин қоралашини билдирди.
Агентство воқеани ўрганиш ҳамда вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага ушбу масалани назоратга олишни сўраб расмий хат билан мурожаат қилган.
Айни пайтда И.Матвиенконинг шахсий саҳифасида эълон қилинган хабар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва мутасадди идоралар томонидан ўрганилмоқда.
«Агентлик олиб борилаётган ўрганиш натижаларини диққат билан кузатиб боради ҳамда журналист ҳаёти хавфсизлиги таъминланишига, шунингдек, қонунчиликка зид равишда таҳдид қилган шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилишига ишонади», – дейилади хабарда.
Матвиенко Ўзбекистонга қайтишини, аммо ҳозир хавфсиз жойда тинчланиши кераклигини таъкидлаган. Ирина Матвиенко ўз изоҳида, шунингдек, 28 апрель куни таҳдидлар келиб тушгани юзасидан Ўзбекистон ИИВга мурожаат қилганини ҳам қайд этади.
«Ўлим билан таҳдид қилинганидан кейин хатти-ҳаракатларим ўзгарди. Мен буни кимнингдир аҳмоқона ҳазилидек қабул қилишга ҳаракат қилдим, лекин подъездга кириш, коридор бўйлаб офисга бориш қўрқинчли бўлиб қолди. Ичкарига кириб, қўлимда учи ташқарига қараган (йўналтирилган) калит билан масофадан туриб ҳар бир бурчакни кўздан кечирдим. Зинадан лифтда эмас, пиёда юқорига ва пастга тушиб чиқдим. Эримдан майдончамизга чироқ ўрнатишни, умумий эшикка қулф осиб қўйишини сўрадим», — деб ёзади у.
Шарҳлар