Ҳар бир шаҳарда ва вилоят марказида камида иккита “яшил майдон” ва жамоат парклари ташкил этилади

Источник: president.uz

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бошланди. Соҳадаги тизимли муаммолар ҳал қилинмагани ва йўл қўйилган камчиликлар учун Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси Алишер Мақсудов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот котиби хабар беради.

Йиғилишда ҳар бир шаҳар ва туман марказида камида 2 тадан “яшил майдон” ва жамоат парклари ташкил этилиши қайд қилинди.

Дарахт экиш ва уларни парвариш қилиш

Давлат раҳбари ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб ушбу ҳудуд учун мос бўлган дарахт кўчатларини кўпайтириши зарурлигини таъкидлади. Мисол учун, Андижон, Пахтабод ва Марҳамат туманларида 30 дан зиёд павловния етиштирувчи хўжаликлар ташкил этилган ва ҳозирда улар 5 миллион дона кўчат экишга тайёр.

Бундай хўжаликларни қўллаб-қувватлаш учун ҳамда аҳолини сифатли кўчатлар билан таъминлаш мақсадида ҳар бир ҳудудда “Яшил замин” жамғармалари ташкил этилади. Вилоят ҳокимларига октябрь-ноябрь ойларида “Яшил замин” жамғармаси маблағлари ҳисобидан камида 5 миллион туп мевали ва манзарали дарахт кўчатларини аҳолига бепул тарқатиш топшириғи берилди.

Йиғилишда октябрь-ноябрь ойларида 55 миллион дона, келгуси йил баҳор мавсумида автомобиль йўллари, дала четлари, барча аҳоли масканларида 70 миллион дона тут, павловния, мевали ва манзарали дарахтлар, шунингдек тез ўсувчи ва бошқа кўчатларни экиш вазифаси қўйилди. Ҳар бир маҳаллага дарахтларни парваришлаш учун Жамоат ишлари жамғармаси ҳисобидан 1 нафардан ишчи бириктирилиши белгиланди.

100 миллиондан ортиқ кўчат

Президент экологияни яхшилаш бўйича навбатдаги вазифаларни белгилаб берди:

– 1,3 минг километр магистрал йўллар бўйларида, ҳудудларнинг иқлимидан келиб чиқиб, сентябрь-декабрь ойларида 480 минг дона ҳамда келгуси йил баҳор ойларида 330 минг дона чинор, эман, жийда терак ва бошқа дарахт кўчатларини экиш;

– йил якунига қадар шаҳарлар ва туман марказларида 16 миллион дона мевали, ёнғоқ манзарали ва дарахтлар бута кўчатлари экиш;

–  аҳоли хонадонлари, тадбиркорлик объектлари ҳудуди ва уларнинг ён атрофида 42 миллион дона тут, ёнғоқ, жийда каби дарахтлар экиш;

–  дала майдонлари атрофи ҳамда каналлар бўйида 53 миллион дона тут, жийда, манзарали дарахт ва бута кўчатлари экиш;

–  ўрмон хўжаликлари ҳудудларида 3 миллион дона тут кўчати экиш;

–  Мудофаа вазирлиги тасаруфидаги муассасаларда, шу жумладан Чорвоқ сув омбори ҳамда  Красногорск шаҳарчаси атрофидаги ўрмон ҳудудларида 500 минг дона манзарали, мевали ва бута кўчатларини  экиш.

Шунингдек, икки ой муддатда шаҳарлар ва туманлар марказларидаги 4,5 минг километр ички ирригация тармоқларини фаолиятини тиклаш ҳам топширилди.

Статистика маълумотлари

Сўнгги 4 йилда саноат корхоналари 2 бараварга ортиб, шаҳарларда чанг-газ миқдори меъёрдан 4 баравар ошган. Атмосферага ташланмаларнинг 90 фоизи Тошкент, Самарқанд, Фарғона, Андижон, Наманган, Қўқон, Навоий, Бухоро, Чирчиқ, Ангрен, Олмалиқ, Бекобод, Гулистон ва Нукус шаҳарларига тўғри келади. Шу билан бирга, ҳудудларда “яшил майдон”лар 3-4 бараварга қисқариб, ўртача 8 фоиздан камайиб кетди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.