Ариповга Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш бўйича топшириқ берилди

Фото: Бош вазир матбуот хизмати

Президент раислигида давом этаётган йиғилишда, ҳудудлардаги айрим корхоналарда ҳалигача 10 йилдан ортиқ ишлатилаётган чанг-газ тозалаш ускуналари мавжудлиги қайд этилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.

Саноат корхоналари “оёққа туриши” учун кўплаб енгиллик ва имтиёзлар берилгани, лекин айрим корхоналар на солиқлар тўлашни, на атроф-муҳитни ҳимоя қилишни ўйлаётгани кўрсатиб ўтилди.

Аксарият ҳолларда қурилиш объектлари ва лойиҳалари экологик экспертизадан ўтказилмасдан амалга оширилаяпти.

Шу муносабат билан 1 апрелдан бошлаб ҳар бир ҳудуднинг ҳаво, сув ва атроф муҳитни ифлосланиш даражасига қараб тузиладиган рейтинги жорий қилиниши белгиланди.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экология ва иқлим ўзгариши вазирлигига ҳокимлар ва тармоқ раҳбарлари билан бирга:

– жойларда экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳар бир туман ва шаҳарнинг “мастер-режа”сини ишлаб чиқиш;

– йил якунида ҳудуд ва тармоқларнинг экологик рейтинги ва экологик паспортини эълон қилиб бориш топширилди. Натижалари бўйича ҳокимлар аҳолига мурожаат қилиши белгиланди.

Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоят марказлари ҳамда саноатлашган 20 та туманда автоматик ҳаво мониторинги станцияларини ўрнатишни бошлаш вазифаси қўйилди.

Йил якунига қадар 112 та йирик саноат корхонаси ва барча цемент ишлаб чиқарувчиларда замонавий чанг-газ тозалаш ускуналари ўрнатиш ва эскиларини алмаштириш, ҳавога чанг ташлаш даражаси юқори бўлган корхоналарда фильтрларни янгилаш муҳимлиги таъкидланди.

Йирик қурилиш материаллари, энергетика, металлургия корхоналари томонидан 5 гектардан “яшил белбоғ” яратиб, жами 10 миллион туп дарахт экиш ташкил этилади.

«Қурилиш корхоналари ҳам ижтимоий масъулиятни ҳис қилган ҳолда, Тошкентда “яшил белбоғлар” ташкил қилиши кераклиги таъкидланди. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигига вилоят ҳокимлари билан бирга “ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт ўрнига 100 та кўчат экиш” тизимини жорий қилиш топширилди. Оҳангарондаги 23 гектар ва Янгийўлдаги 37 гектарда жойлашган собиқ чиқинди полигонлари ҳудудида “яшил боғлар” ташкил қилиш бошланади», – дейилади хабарда.

Сувга зарарли ташланмаларни оқизаётган ва ўзидан зарарли чиқиндиларни кўп чиқараётган корхоналар билан ишлаш бўйича алоҳида дастур амалга оширилади.

Бош вазир А.Ариповга 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича топшириқ берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.