Қарши ҳокимлиги ярим вайрон бўлган бинода яшаётган одамлар билан боғлиқ вазиятни ўрганди
Қарши шаҳридаги ярим вайрон бўлган 2-сонли ётоқхонада камида 60 та оила яшамоқда. Аввалроқ ижтимоий тармоқларда “бу Сурия ёки Ироқ эмас, балки Қарши шаҳри” сўзлари ёзилган фотосуратлар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги ушбу хабарга изоҳ бериб, ҳудуд маъмуриятининг бунга алоқаси йўқлигини билдирди, деб ёзади “Новости Кашкадарьи” нашри.
«2019 йилдан буён Қарши шаҳридаги “Шодлик” маҳалласида жойлашган 2-сонли ётоқхона биноси қонуний асосларда тадбиркорга тегишли. Яъни бу бино – ётоқхона эмас, балки хусусий мулк».
Шу билан бирга ҳудуд маъмурияти 2019 йилда сотилган бинода одамларнинг яшаш фактини тан олди. Собиқ ётоқхонанинг деярли ярми яшовчилар билан тўлган. 102 та хонадан 64 тасида одамлар яшайди. Ҳокимликнинг сўзларига кўра, улар ўзбошимчалик билан кўчиб келиб яшамоқда. Маълум бўлишича, тадбиркор даставвал уларни чиқариб юборишга ҳаракат қилган, кейин эса бироз яшашга рухсат берган.
Ҳокимликнинг ишонтириб айтишича, ўзбошимчалик билан кўчиб кириб яшаётганлардан кимлар уй-жойга муҳтожлигини, кимлар эса муҳтож эмаслигини ўрганади ва тегишли чораларни кўради.
Шарҳлар