Қарши ва Нукусда қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади

Фото: дарё
Мамлакат иқтисодиётида муҳим аҳамият касб этувчи электротехника саноати корхоналари томонидан ўтган биринчи ярим йилликда 12 трлн сўмдан ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 116 фоиз ўсиш кўрсаткичларига эришилди, деб хабар берди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ахборот хизмати раҳбари.

Инвестиция дастури доирасида 131,1 млн доллар инвестициялар ўзлаштирилиб, шундан 116,5 млн доллар маблағ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобига тўғри келади.

Шунингдек, ҳудудий дастурлар доирасида 17 та лойиҳа ишга туширилиб, 1,4 трлн сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилган.

Экспорт ҳажми 560,3 млн долларни ташкил этиб, 200 турга яқин маҳсулотлар дунёнинг 72 мамлакатига экспорт қилинган. Ўсиш суръати 118,8 фоизни ташкил этган.

Ушбу даврда АҚШ, Канада, Ҳиндистон, Ливия, Кипр, Қатар, Исроил каби бозорларга илк бор маҳсулотлар етказиб берилган.

Бундан ташқари, электротехника саноати тарихида биринчи маротаба Канада ва Америка Қўшма Штатларига экспорт амалга оширилган. Италия ва Ҳиндистон давлатларига кабел-сим ва мис қувурлари экспорти йўлга қўйилган.

GSP+ имтиёзларидан фойдаланган ҳолда миллий электротехника маҳсулотлари Европанинг 6 мамлакатига кириб борган.

Уюшмага аъзо корхоналар томонидан бюджетга тўловлар миқдори 415 млрд сўмни ташкил этган.

Бундан ташқари, йил якунигача ҳудудларда жами қиймати 485 млн долларлик 85 та янги лойиҳа ишга туширилиб, бунинг натижасида 4395 та янги иш жойлари ташкил этилади.

2024 йилда ҳам ишлаб чиқариш салоҳиятини 20 фоизга ошириб, экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бундан ташқари, мис хомашёсини қайта ишлаш 140 минг тоннага етказилади. Оҳангарон туманидаги “Мис кластери”да 5 лойиҳа, Бухоро вилоятида ҳам маиший техникалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопарк ўз фаолиятини бошлайди.

2024 йил якуни билан Қарши шаҳрида 300 Мегаваттли, Нукус шаҳрида 200 Мегаваттли қуёш панели ишлаб чиқариш лойиҳалари ишга туширилади.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.