Қаршида фуқаро ўзини-ўзи ёқишга уринди

Источник: Новости Кашкадарьи

Қарши шаҳар прокуратураси маҳаллий Qarshi Leather тери-кўнчилик заводи ёнида ўтказилган экологик митинг иштирокчисининг ўзини ўзи ёқиб юбориши ҳолати бўйича терговга қадар текширувни бошлади, деб ёзади “Медиазона” нашри.

Қайд этилишича, 16 август куни маҳаллий аҳоли корхона дарвозаси олдига заводдан келаётган ўткир ҳиддан норози бўлиб йиғилган. Гувоҳлар акцияни видеога олган.

Кадрлардан кўриниб турибдики, намойишчилардан бири ўзи «эгаси» деб атаган  Акмал исмли шахснинг таҳдидлари устидан шикоят қилган. Фуқаронинг айтишича, Акмал уни ўлдириш билан таҳдид қилган ва “икки кун ичида қамоққа тиқаман” деб қўрқитган.

“Нега у бундай қиляпти? Нега мени ўлимга ундаяпти? Шу Акмал туфайли мен яшашни хоҳламаяпман, умуман яшашни хоҳламайман”, – дея қичқирган митинг иштирокчиси.

Кейин у бир шиша бензин олиб, ўзининг устига қуйган ва ёқиб юборган. Бошқа намойишчилар оловни тезда ўчиришган, бироқ фуқаронинг танасида куйиш излари қолгани кўриниб турарди.

Видеода бошқа фуқароларнинг ҳам экологик вазият ёмонлашганидан шикоят қилган мурожаатлари ўрин олган. Хусусан, бир неча киши ҳомиладорларда бола ташлаш ҳолатлари ҳақида, бунга хавфли чиқиндилар ва корхонадан чиқаётган бадбўй ҳид сабабчи эканини айтган. Одамлар нафас олиш ва овқатланиш билан боғлиқ муаммолардан шикоят қилишган, улар тез-тез касал бўлаётганликлари ва дори-дармонларга кўп пул сарфлаётганликларини таъкидлашган.

Qarshi Leather  қўшма корхонаси 2016 йилда Хитой ва Исроил инвесторлари иштирокида ташкил этилган. Корхона йирик шохли мол терисини қайта ишлаш билан шуғулланади.

Ўтган йил сентябрь ойида корхонага маҳаллий ҳокимликлар ва экологлар ташриф буюриб, қўшма корхонани 345 миллион сўмга жаримага тортган, корхонага яқин атрофдаги маҳалла ва аҳоли пунктларида тупроқ, ҳаво ва сувни бузаётган чиқиндилар туфайли ишлаб чиқаришни вақтинчалик тўхтатиб қўйиш мажбуриятини юклаган эди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.