Қаршининг собиқ ҳокими уй қамоғига олинди

Источник: Facebook

Қашқадарё вилояти прокуратураси ахборотига кўра, Жамшид Фозилов 2016 йил 9 июлдан 2019 йил 26 октябргача Қарши шаҳар ҳокими лавозимида бўлган. Бу вақт мобайнида у мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, ерларни ноқонуний бериб юборишда гумонланяпти. Бу ҳақда  Kun.uz нашри ёзади.

Маълум қилинишича, собиқ амалдор Қарши шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ер участкаларига эгалик қилиш, фойдаланиш ва ижарага бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий комиссияси аъзолари – шаҳар ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари У.Авазов, шаҳар ҳокимлиги бош юрисконсульти Ш.Бухаров, шаҳар бош архитектори Ш.Бўронов, Давлат кадастрлари палатаси Қарши шаҳар филиали бошлиғи М.Хушов ва бошқалар билан Қарши шаҳри ҳудудидаги ер майдонлари ва бошқа инфратузилма объектларини ноқонуний равишда сохта ҳужжатлар асосида бериш ҳақида олдиндан жиноий тил бириктирган бўлиши мумкин.

Натижада 2018-2019 йиллар давомида 54 та ҳолатда умумий қиймати 60 млрд 512 млн бўлган жами 463.212,13 метр квадрат ер участкалари жиноий гуруҳ аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг ўз кучини йўқотган қарорларига ёки қарор қабул қилишда асос бўлмаган бошқа сохта маълумот ва ёзувлар киритиб тайёрланган далолатномаларга асосан, аукцион савдолари ўтказмасдан, ер ажратиш тўғрисида ноқонуний қарорлар қабул қилиш орқали талон-торож қилингани айтилмоқда.

2022 йил 20 октябрь куни Қарши шаҳар суди Жиноят процессуал кодексининг 242-2-моддасига асосан вилоят прокуратураси томонидан киритилган Қарши шаҳар собиқ ҳокими Ж.Фозилов қамоққа олиш тарзидаги илтимосномани рад этиб, унга нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўллаш ҳақида ажрим чиқарган.

Қарши шаҳар судининг ушбу ажримига нисбатан Қарши шаҳар прокурори томонидан вилоят судининг жиноят ишлари бўйича апелляция инстанциясига апелляция тартибида протест келтирилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.