Сурхондарёда археологлар 4000 йил аввалги қадимий қабрни аниқлади
Маданий мерос агентлигига қарашли Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институти ва Хитой Халқ Республикасининг Шимоли-ғарбий университети ўртасида илмий ҳамкорликка оид шартнома имзоланган. Келишувга мувофиқ, икки мамлакат археологлари томонидан жорий йил 16 апрелдан бошлаб Сурхондарё вилоятининг Узун туманида жойлашган Чинортепа ёдгорлигида қазув ишлари бошлаб юборилган. Бу ҳақда Маданий мерос агентлигига таяниб, ЎзА хабар бермоқда.
Олимлар экспедиция жараёнида 4000 йил аввалги қабрлар ва 2000 йиллик қадимий шаҳар харобаларини топишди. Археологларнинг фикрича, топилмалар Қанғ, Кушон ва Юечжи (массагетлар) даврига оид бўлиб, милоддан аввалги II асрдан эрамизнинг III асрига тўғри келади. Айни пайтда Ўзбекистон-Хитой қўшма экспедицияси ушбу йўналишда илмий-тадқиқот ишларини давом эттирмоқда.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, Чинортепа ёдгорлиги 2019 йилда Ўзбекистон-Хитой қўшма археологик экспедицияси томонидан кашф этилган.
Шарҳлар