Қашқадарёда 2 нафар ҳоким ёрдамчиларига жиноят иши очилди
Давлат хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан иқтисодий жиноятларга қарши курашиш йўналишида олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Яккабоғ туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс ўзи норасмий раҳбарлик қилувчи 2 та МЧЖга қурилиш материаллари сотиб олиш бўйича банкдан ажратилган 1,7 млрд сўмлик имтиёзли кредит маблағларини бошқалар билан жиноий тил бириктириб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги ҳолати аниқланди.
Ҳозирда мазкур ҳоким ёрдамчиси ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228 (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) -моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Яна бир ҳолатда эса Шаҳрисабз туманидаги маҳаллалардан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс маҳаллий фуқаро фойдаланиб келаётган 5 гектар ер майдони аукцион савдоларига чиқиб кетганлигидан хабардор бўлиб, унга ушбу ер майдонининг 50 сотихини қолдириб бериш эвазига 500 АҚШ доллари олган вақтида ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари томонидан ушланди.
Ҳозирда мазкур ҳоким ёрдамчисига нисбатан Жиноят Кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 28,211 (пора бериш) -моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар