Қумли конфетлар: Қорақалпоғистондаги мактаблардан бирида ўқувчиларга сифатсиз маҳсулотлар берилди

Фото: кадр из видео

Қорақалпоғистонда мактаб ўқувчиларининг бепул таомларидан қум ва сочлар учун “невидимка” топилган. Вазият Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан назоратга олинди, деб ёзади «Дарё» нашри.

2023 йил 7 апрель куни Хўжайли туманидаги 388 нафар бошланғич синф ўқувчиларига мўлжалланган 41-сонли мактабга тасдиқланган меню асосида ёнғоқли торт, шоколад, олма ва ширин чой келтирилган.

Шу куни иккинчи синф ўқувчиси шоколадли конфет ичидан қум топган. Бу ҳақда синф раҳбари Б.Бекбосинова маълум қилган ва видеомурожаат билан мактаб маъмуриятига чиққан. Шунингдек, у ширинликларда ишлаб чиқарувчи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини айтган. Мактаб раҳбарияти овқат етказиб берувчи умумий овқатланиш корхонасига маҳсулотларнинг қониқарсиз сифати ҳақида хабар берган.

“Мактаб овқатлари 2022 йил 10 октябрдан бошлаб Bekbergen servis orayi МЧЖ томонидан етказиб берилмоқда. 7 апрель куни соат 09:45 да олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларини ўрганиш жараёнида  махсус комиссия аъзолари Р.Еремеева, А.Абдисаметова, Д.Ниязова, Н.Авезова ва К.Аметова қатнашган. Видеодаги ювилмаган олма билан боғлиқ ҳолат эса жорий йилнинг 7 февраль куни олиб келинган маҳсулот бўлиб, бу ҳақда умумий овқатланиш корхонаси ва комиссия аъзоларига огоҳлантириш эълон қилинган”, — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик мазкур ҳолат юзасидан қўшимча текширувлар ўтказилишини ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича ишлар олиб борилишини қўшимча қилди.

Қорақалпоғистондаги мактабларда болаларга сифатсиз маҳсулотлар биринчи марта берилаётгани йўқ.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.