Тошкентда иккита электробус йўловчиларни бекатда тушириш вақтида тўқнашиб кетди

Жорий йилнинг 7 февраль куни соат 12:00да, 2 та “Yutong” русумли электробус ҳайдовчисининг қоидабузарлиги оқибатида электробусга техник шикат етганлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан, “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ матбуот хизмати муносабат берди.

“Ушбу ҳолат бугун соат 11:00 ларда кузатилган бўлиб, бунда “1-Автобус саройи” филиали тасарруфидаги “Yutong” русумли, давлат рақами 01/ 097 МКА бўлган 28-сонли йўналиш ҳайдовчиси Х.А автобусни Яшнобод тумани, Маҳтумқули кўчаси бўйлаб бошқариб келиб, “Успенский номидаги мусиқа мактаби” бекатига тўхтаётган вақтида, шу бекатда тўхтаб йўловчи тушираётган “5-автобус саройи” филиали тасарруфидаги “Yutong” русумли, давлат рақами 01/ 086 НКА бўлган 44-сонли автобус билан ёнлама оралиқ масофани сақламаганлиги оқибатида 28-сонли автобуснинг ўрта эшик қисми ҳамда 44-сонли автобуснинг чап томон орқани кўриш ойнасининг корпус қисми билан бир-бирига тегиб қирилган”, – дейилади хабарда.

Содир этилган тўқнашувда тан жароҳати олганлар йўқ.

Ҳозирда мазкур йўл-транспорт ҳодисаси Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўрнатилган тартибда расмийлаштирилганлигини маълум қилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.