Азиз Воитов қамоққа олингани расман тасдиқланди

Азиз Воитов
Фото: agro.uz

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов тергов қилинаётганлиги ҳақида хабарлар тарқалганди. Маълумот расман тасдиқланди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов хабар қиляпти.

«Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судида Бош прокурор ўринбосарининг Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи ва Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган А. В. (эркак, 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, Қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган) га нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилди», – дейилади хабарда.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 14 декабрдаги ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи А. В. га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланди.

Азиз Воитовни коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб тергов қилинаётганлиги хақида хабарлар тарқалганди. У жиноят иши доирасида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзгандик.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.