Балаклеяда асирга олинган ўзбекистонликларнинг тақдири номаълум бўлиб қолмоқда
Ўтган йил сентябрь ойида Балаклеяда украин разведкачилари асир олган икки нафар ўзбекистонлик ҳақидаги видео интернетда тарқалган эди. Улар ўзларининг самарқандлик эканини айтишган.
Улардан бири видеода Россияда беш йилдан бери ишлаб келаётгани, ноқонуний ишлаб юрган пайтда урушга мажбуран юборилганини айтган бўлса, бошқаси талаба экани, пул учун ҳарбий ҳаракатларда қатнашишга рози бўлганини таъкидлаган.
Биринчи эркакнинг фамилияси ва исмини йиғи аралаш гапираётгани учун тушуниш қийин. Иккинчи шахс, ўзини Мухриддин Аҳмедов деб таништирган. 22 ёшли йигит ҳеч қаерда хизмат қилмаганини айтган. Унинг сўзларига кўра, у “Редут” хусусий ҳарбий компаниясига миномётчи лавозимига қабул қилинган.
Уларнинг тақдири номаълумлигича қолмоқда. Ўзбекистон ва Украина ташқи ишлар вазирликлари 2022 йил декабрида юборилган Anhor.uz сўровларига жавоб бермади. Таҳририят Украинада Россия томонида жанг қилган қанча ўзбекистонлик қўлга олингани билан қизиқди. Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасига йўлланган сўров ҳам жавобсиз қолди.
Шу кунгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ва асирлари шартнома асосида Украинадаги урушга жўнатилгани ҳақида тасдиқланмаган кўплаб маълумотлар мавжуд.
Ўтган йил февраль ойи охирида Anhor.uz сайти Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Ўзбекистон фуқаросининг Россия қўпорувчилик гуруҳида иштирок этгани ҳақидаги маълумотларга изоҳ беришни сўраб сўров юборган эди. Жавобсиз қолган мурожаат Наманган вилоятида 1987 йилда туғилган Адҳаммирза Хаитович Бозоров ҳақида эди.
Ўзбекистон Ташқи миграция агентлиги доимий равишда меҳнат муҳожирларини Россия ва Украина ўртасидаги қарама-қаршиликка аралашмасликка, ҳеч бир томон қуролли кучларига қўшилмаслиги кераклигига чақириб, уларга хорижий давлатларнинг армияси ва бошқа хавфсизлик кучларига кириш жиноий жавобгарлик эканлигини эслатиб келмоқда.
“Озодлик” радиосига кўра, Самарқанд вилоятининг Булунғур туманига Украинадаги урушда ҳалок бўлган икки нафар маҳаллий фуқаронинг жасади етказилган.
“Бири 26 ёшда, иккинчиси 24 ёшда бўлган икки йигитнинг жасади 19 январь куни Россиядан Ўзбекистонга олиб келинган ва шошилинч дафн этилган. Бобур Абдумўминов ва Шаҳриёр Жалоловнинг тобутлари билан бирга “Украинадаги урушда ҳалок бўлган”лиги ҳақидаги ҳужжат билан ватанига жўнатилган, улар “Озодлик” кимлигини аниқлашга муваффақ бўлган биринчи ўзбекистонликлардир”, – дейилади хабарда.
Суратда: Самарқанд вилояти Булунғур туманида яшовчи Бобур Абдумўминов (чапда) ва Шахриёр Жалолов, уларнинг жасадлари “Озодлик” хабарига кўра Россиядан тобутлари билан бирга олиб келинган. Манба: «Озодлик» радиоси
Ҳозирча юқоридаги маълумотни расман тасдиқлаганича йўқ.
Озодлик айни дамда сўнгги бир неча ҳафта ичида тобутлари Ўзбекистонга олиб келинган яна бир неча ўзбекистонликнинг шахсини аниқлашга уринмоқда.
Шарҳлар