Сурхондарёда ноқонуний балиқ овлаш натижасида табиатга қарийб 1,5 млрд сўмлик зарар етказилди
Сурхондарё вилояти Экология бошқармаси ва вилоят Миллий гвардия бошқармаси ходимлари томонидан Шўрчи туманида тезкор назорат тадбири ўтказилди.
Тадбир давомида “Тамаддун” маҳалласида яшовчи фуқаролар Қ. Ш., И. Ш., Х. Б. ва Ғ. Ш. томонидан Сурхондарёнинг Шўрчи тумани “Тамаддун” маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида ноқонуний балиқ овланганлиги маълум бўлди. Ҳуқуқбузарлар томонидан 182 бош кумуш товон балиғи (карас), 37 бош орол мой балиғи, 2 бош самарқанд храмуляси (тупак) балиқлари тақиқланган усул — электр қармоқ билан овланган.
Ўзбекистон Республикаси “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунининг 24-моддаси талабини бузган ҳолда ҳайвонот дунёсига етказилган зарар ҳисоб-китоб қилинди. Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралдаги 80-сон қарори 4-иловаси асосида ҳисобланганда 1 миллиард 439 миллион 900 минг сўм зарар етказилганлиги аниқланди.
Ҳолат юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва ҳайвонот дунёсига етказилган зарар сумаларини ундириш мақсадида барча тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига юборилди.
Шарҳлар