Барча ҳудудларда “Янги Ўзбекистон” массивлари барпо этилади
Бугун Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари “Янги Ўзбекистон» массивлари комплекс ривожланиш тамойили асосида барпо этилишини қайд этди. Ушбу массивларда яқин беш йил ичида 250 мингдан зиёд хонадон қуриш режа қилинган.
Бунда:
– ҳар бир массивга ажратиладиган ер участкаларида саноат лойиҳалари, хизмат кўрсатиш объектлари ва ижтимоий инфратузилма бир вақтда қурилади;
– кўп қаватли уй-жой қурилишини инвесторлар ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади;
– ипотека кредитини бериш учун банкларга бюджетдан аукцион асосида ресурс ажратилади. Бунга Молия вазирлиги томонидан 20 йил муддатга 11 триллион сўм йўналтирилади;
– Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш ва Молия вазирликлари эҳтиёжманд аҳолига субсидия бериладиган уй нархини белгилайди;
– 2022 йилда эҳтиёжманд 10 мингта оилага бошланғич бадал ва фоизларни субсидиялаш учун бюджетдан 1,5 триллион сўм ажратилади.
Уйлар нархини барқарор сақлаб туриш мақсадида янги уй-жой массивларини ички ва ташқи инфратузилма билан таъминлашга бюджетдан ҳар йили 1 триллион сўм ажратилади. Тадбиркорлик жамғармаси томонидан қурувчиларга Марказий банк ставкасидан ошган қисми 24 ой давомида қоплаб берилади. Бу мақсадлар учун бюджетдан 1 триллион сўм йўналтирилади.
Шунингдек, келгуси йили янги массивларда қурилаётган уйларнинг 1 мингтаси эҳтиёжманд оилалар ва ёлғиз аёллар учун давлат томонидан кафолатли сотиб олинади. Бунинг учун 220 миллиард сўм маблағ қурилиш ташкилотларига олдиндан ўтказиб берилади.
Бундан ташқари, цемент импорти учун имтиёзлар муддати яна бир йилга узайтирилади. Цемент ишлаб чиқарувчиларга фойда солиғи 20 фоиздан 15 фоизгача, ер қаъридан фойдаланганлик солиғи эса 2 бараварга камайтирилади. Бу 1 тонна цементнинг ишлаб чиқариш таннархини 7 фоизга қискартириш имконини беради, дея қайд этилади президент матбуот хизматининг хабарида.
Шарҳлар