Самарқандда кўп қаватли уйдаги хонадонида бассейн қуриб олган шахс жаримага тортилди
Аҳоли мурожаатига асосан Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ўтказилган рейд тадбирлари давомида Самарқанд шаҳри “Суғдиёна” маҳалласидаги 67-А сонли кўп қаватли уйнинг 10-қават пентхаус қисмида ўзбошимчалик билан бассейн қурилганлиги аниқланди. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги хабар бермоқда.
Ушбу қурилма кўп қаватли уйнинг лойиҳасида назарда тутилмаган бўлиб, сейсмик ҳодиса вақтида бинонинг тебранишини кучайтириб, уйнинг мустаҳкамлигига зарар етказиши мумкин.
Инспекция ходимлари томонидан мулкдорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 159-моддасига асосан маъмурий жарималар қўлланилди ва ноқонуний қурилмани бартараф этиш юзасидан мажбурий кўрсатмалар берилди.
Берилган вақт ичида мулкдор ҳолатни ўз ихтиёри билан бартараф қилиб, олдинги ҳолатига қайтармаса, унга нисбатан тегишли тартибда бартараф этиш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судга даво аризаси киритилиши тушунтирилди.
Шарҳлар