Фарғонада бетоб қизнинг номидан аккаунт очиб, пулларни ўзлаштириб келган фуқаро қўлга олинди
Қорақалпоғистон Республикасида яшовчи аёл И.Г. ариза билан мурожаат қилиб, номаълум шахс унинг қизининг фотосуратини ижтимоий тармоқларга жойлаганини ва унга нисбатан қонуний чора кўришни сўради, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Фарғона вилоятида яшовчи Д.М. содир этганлиги аниқланган.
Гумонланувчи сифатида тергов органларига жалб этилган Д.М., аризачи И.Г.нинг бетоб қизи Х.Л.нинг номидан аккаунт очиб, унинг фотосурати ва видео тасвирларини ҳамда ўзининг фойдаланувида бўлган банк карталарини унинг номидан ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларга жойлаган ва операция учун халқдан ёрдам пули сўраб, алдаш йўли орқали фуқароларнинг хайрия тариқасида ўтказган пулларини ўзлаштириб келганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Д.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси (Фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Шарҳлар