Ўзбекистонда ОТМлар битирувчиларининг ярмидан кўпи ишсиз бўлиб қолмоқда
Ўзбекистонда олий таълим муассасалари битирувчиларининг ярмидан кўпи ҳали иш топа олгани йўқ. Бу ҳақда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Беҳзод Мусаев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ўтган ўқув йилини тугатган 214 минг нафар битирувчининг 41 фоизи, яъни 88 минг нафари ҳозирги кунда корхона ва ташкилотлар томонидан ягона миллий меҳнат тизими орқали меҳнат шартномаси асосида қабул қилингани аниқланган. Қолган 59 фоизи, 126 минг нафар битирувчи ҳали иш топмагани маълум бўлган.
Мусаевнинг айтишича, ишга жойлашмаган ёшларнинг муаммосини ҳал қилиш учун август-сентябрь ойларида тизим ташкилотлари билан иш олиб борилади.
Айни пайтда миллий вакансиялар базасида 358 минг бўш иш ўринларидан олий маълумот талаб қилинадиган бўш иш ўринлари 112 мингтани ташкил этмоқда.
Ягона миллий меҳнат тизими орқали вакансиялар базасида 139 минг корхона ва ташкилотларнинг 358 мингта бўш иш жойи ҳақидаги маълумот жойлаштирилган. Шундан 81 мингтаси давлат ташкилотлари, 277 мингтаси эса хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади.
Шарҳлар