“Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида IV Республика савдо ярмаркаси ўтказилди

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда 2018 йилдан буён амалга оширилиб келинаётган “Биз биргамиз” ижтимоий лойиҳаси доирасида Экобозор ҳудудида ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ўз қўллари билан ясалган буюмлар IV Республика савдо ярмаркаси ўтказилмоқда. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳунармандчилик, кулолчилик, каштадўзлик, миллий қўғирчоқлар ва бошқа йўналишларда фолият олиб бораётган ногиронлиги бўлган шахслар келиб, ўз маҳсулотларини ярмарка орқали сотмоқдалар.

Бундай тадбирлардан кўзланган асосий мақсад эса, ногиронлиги бўлган шахслар томонидан тайёрланган махсулотларнинг реализациясига кўмаклашиш ва уларнинг молиявий аҳволини яхшилаш.

Фото: Бобур Каримов / www.anhor.uz

– “Бу йил иккинчи бор иштирок этишим. Савдо ярмаркаси жуда яхши ташкил этилган. Ишлаб чиқарган маҳсулотларимиз жуда тез сотилиб кетмоқда. Шунингдек, қатор корхона ва ташкилотлар билан яхши шартномалар хам қилишга эришдик. Одам ногиронлигим бор, берсанг ейман, урсанг қочаман деб эмас, астойдил ҳаракат қилиб, оиласига, рўзғор ва фарзандларига кўмакчи бўлиши керак деб хисоблайман. Фаолиятим мобайнида қатор давлат мукофотлари билан ҳам тақдирландим. “Жасорат” ва “Шуҳрат” медаллари мени янада руҳланиб ишлашга доимо ундайди”, – дейди андижонлик ҳунарманд, Ногиронлар жамияти Андижон вилояти бўлими раиси ўринбосари Дилфузахон Тўхтаева.

Адлия вазирлигининг хабарига кўра 2018-2019 йиллар ва 2021 йилда шундай савдо ярмаркалари ўтказилиб,

2018 йилда 56 нафар иштирокчи, 250 млн сўмлик,

2019 йилда 70 нафар иштирокчи, 400 млн сўмлик,

2021 йилда 100 нафар иштирокчи, 500 млн сўмлик савдо қилишган.

Ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ишлаб чиқилган маҳсулотлар сотувини кенг йўлга қуйиш мақсадида 2021 йилда 6 та жами 160 млн сўмлик енгил конструкцияли савдо дўконлари харид қилиниб, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган, Самарқанд ва Хоразмда аҳоли гавжум бўлган марказларда жойлаштирилди ва фойдаланиш учун Ўзбекистон ногиронлар жамияти тасарруфига ўтказиб берилди.

Бундан ташқари, ўтказилган тадбирлар давомида:

– ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногиронлиги бўлган шахсларга ёрдамлар (юридик, тиббий-психологик ва шу каби) кўрсатилди;

– ногиронлиги бўлган шахсларни касбий фаолият (касб-ҳунар, тадбиркорлик ва бошқа) билан шуғулланишига ва иш билан таъминланишига кўмаклашилди;

– ногиронлиги бўлган шахсларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, турли ижтимоий кафолатларни назарда тутувчи қонун ҳужжатлари кенг тарғиб қилинди.

Бобур Каримов, Айсулу Турдигалиева

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.