«Биз жамият сифатида қутқариб қолинмаган болаларнинг ҳаётига эътибор қаратишимиз лозим» – Ширин Обидова
Волонтёрлар ассоциациясининг директори Ширин Обидова жамғармаларнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлиги ниҳоятда муҳим экани ҳақида гапирди.
“Бугун биз волонтёрлар ташаббуси билан ташкил қилинган Ezgu Amal жамғармасининг деярли 5 йиллиги арафасида бўлиб ўтаётган ҳисобот тақдимотида иштирок этмоқдамиз. Бу ерда давлат сектори ҳам, нодавлат сектори ҳам, жамият ҳам бир муаммони ҳал қилиш учун бирлашаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Албатта, бу осон иш эмас. Бу ерда нафақат чиройли репортаж, балки юракни эзувчи маълумотлар ҳам бор – қанчадан-қанча болаларнинг ҳаёти сақлаб қолинмади ва бу, албатта, бир томондан оғриқли дақиқа бўлса, иккинчи томондан, биз жамият ва давлат ташкилотлари сифатида бунга эътибор қаратишимиз керак.
Лекин энг муҳими, биз бу ерда кўриб турган ҳисоботни барча жамоат фондлари ва умуман жамғармалар учун тавсия этилган намуна сифатида қабул қилиш мумкин. Чунки биз кўп жамғармалар борлигини биламиз. Улар қайси йўналишда ишлайди, уларнинг мақсадли гуруҳи ким? Уларга ҳам осон эмас. Уларнинг қандайдир эҳтиёжлари бор ва биз, оддий одамлар сифатида буни тушунамиз. Айнан мана шундай учрашувлар одамларнинг ишончига, волонтёрларнинг манфаатдорлигига, мақсадли гуруҳ аҳволининг ўзгаришига катта таъсир кўрсатади”, — дея хулоса қилади у.
Шарҳлар