Блогерлар даромадидан солиқ тўлайди

Фото: norma.uz

Блогерлар даромад солиғи тўламас эди, бироқ эндиликда, деб ёзмоқда «yuristkadr» телеграм канали маъмури, амалиётчи ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев.

Ўзини-ўзи банд қилувчилар деганда, Президентнинг 2020 йил 8 июндаги ПҚ-4742-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзини ўзи банд қиладиган шахслар учун фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйҳатидаги фаолият турлари билан шуғулланадиган фуқароларни тушунилади. Бу Рўйҳатда айни пайтда 101 та фаолият турлари кўрсатилган бўлиб, улар билан фуқаролар юридик шахс ёки ЯТТ ташкил қилмасдан, шунчаки оддий фуқаро сифатида шуғулланадилар. Солиқ органидан ўзини-ўзи банд қилган шахс сифатида битта маълумотнома олишса бўлди.

«Солиқлар бўйича ҳам имтиёз бор. Яъни, Солиқ кодекси 369-моддаси 1-қисми 9-бандига асосан ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида олинган даромадлари солиққа тортиладиган жами даромад таркибига кирмаслиги белгиланган эди. Айни пайтда кўпчилик блогерлар Рўйҳатнинг 65-қаторида кўрсатилган “ижтимоий тармоқлардаги фаолият” деган фаолият тури билан ўзини-ўзи банд қилган ҳолда шуғулланиб даромад топмоқда ва олинган даромадидан СК 369-моддасига мувофиқ даромад солиғи тўлагани йўқ. Албатта, бу ўзини ўзи банд қилган барча фуқароларга берилган имтиёз эди», – дейилади хабарда.

Эндиликда ўзини ўзи банд қилувчиларнинг солиққа тортилиши борасида ўзгариш юз бермоқда.

2023 йил 28 декабрдаги ЎРҚ-891-сонли янги Қонун билан Солиқ кодексининг 369-моддаси қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда: Унга кўра 2024 йилнинг 1 январидан «ушбу модда биринчи қисмининг 9-бандида назарда тутилган шахсларнинг меҳнат фаолияти натижасида ёки товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадларига ушбу даромадлар солиқ даврида 100 миллион сўмдан ошган кундан эътиборан ушбу Кодекс мақсадида якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солинади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни ушбу Кодексда белгиланган тартибда тўлайди».

Бу жуда жиддий ўзгариш дегани. Чунки, айрим ўзини ўзи банд қилувчилар, жумладан, ўзини ўзи банд қилувчи сифатида рўйҳатдан ўтган блогерлар мисол учун, реклама хизматларидан яхшигина даромад топаётган эди.

Энди солиқ даврида бу даромад 100 млн. сўмдан ошдими, тамом, Солиқ кодексининг 369-моддасидаги даромад солиғи бўйича имтиёз қўлланилмайди ва бундай ҳолларда ўзини ўзи банд қилган фуқаро даромад 100 млн. сўмдан ошган кундан эътиборан худди ЯТТлар каби давлатга солиқ тўлайди.

Мазкур ўзгаришлар ўзини ўзи банд қилган ҳолда фаолият юритаётган барча фуқароларга бирдек тегишли.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.