Божхонада салкам 144 миллион сўмлик экология учун хавфли ускуналар тўхтатиб қолинди

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Тошкент товар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида экология учун хавфли, Озон қатламини ёмирувчи зарарли моддалар ва улар ёрдамида ишловчи ускуналар импортини назорат қилишда постнинг Товарларни классификациялаш гуруҳи билан биргаликда самарали фаолият олиб борилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Амалдаги тартибларга кўра, Озонни бузувчи ёки уларга боғлиқ бўлган моддалардан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган совутиш жиҳозлари ва ҳавони кондиционерлаш ускуналарини импорт қилиш таъқиқланган.

«Яқинда постда хориждан келтирилган ускуналарни божхона кўригидан ўтказиш давомида мазкур чекловни бузишга уринишлар фош қилинди. Жумладан, хориждан келтирилган юқори босимда ҳавони қуритувчи ускуна ҳамда ичимликларни қуювчи линия учун чиллер ускунаси Озонни бузувчи моддалар рўйхатига киритилган Р-22 фреон моддасида ишлаши маълум бўлди», – дейилади хабарда.

Шу сабабли жами қиймати 143.5 млн сўмлик мазкур ускуналар ҳозирда вақтинча сақловга олинди ва келгусида республикамиздан чиқариб юборилиши кутилмоқда.

Ҳар иккала ҳолат юзасидан божхона суриштирувлари давом эттирилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.