Болалар кукунини тайёрлашда қўлланиладиган талк кукуни саратон касаллигини келтириб чиқаради
Канцерогенлар саратон касалликлари ривожланиш хавфини оширувчи моддалардир. Улар баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари, консервантлар, ароматизаторлар, полициклик углеводородлар, азобўёқлар, нитрозаминлар, оғир металл тузлари, алкалоидлар таркибида кўп учрайди.
Энди ушбу рўйхат янада кенгайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳузуридаги Халқаро Саратон тадқиқотлари агентлиги (ИАРC) талк кукунини потенциал канцероген моддалар рўйхатига киритди.
Бунинг учун 13 мамлакатдан жалб этилган 29 нафар экспертдан иборат ишчи гуруҳ ўрганишлар олиб борди. Мазкур жараёнда талк кукунидан фойдаланган аёлларда тухумдон саратони билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани ҳисобга олинди.
Қолаверса, целлюлоза-қоғоз саноатида хотин-қизларнинг талк билан таъсирланишига қаратилган тадқиқотлар натижалари ҳам таҳлил қилинди. Шу тариқа бу минерал 2А хавф гуруҳига мансуб, деб таснифланди.
Ўз навбатида, талк кукуни билан ишлов берилган тажриба каламушларида хавфли ўсмалар ривожланиши қайд этилган изланишлар хулосалари инобатга олинди.
Маълумот учун талк ер остидан қазиб олинадиган табиий минерал бўлиб, кўпинча болалар кукуни тайёрлашда қўлланилади.
Шарҳлар