2022 йилда дунёда болалар ўлими энг паст даражага тушган
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар ўлимини баҳолаш бўйича идоралараро гуруҳи томонидан эълон қилинган сўнгги ҳисоботга кўра, беш ёшга тўлмасдан вафот этган болалар сони 2022 йилда тарихий минимал даражага тушиб, 4,9 миллионни ташкил қилган.
“Ушбу рақамлар ортида оналарга хавфсиз туғиш, болаларни эмлаш ва оғир касалликлардан асрашда ёрдам бераётган доя ва тиббиёт ходимлари, шунингдек уларнинг саломатлиги ва тўғри овқатланишини ташкил қилиш учун оилаларга ташриф буюраётган тиббиёт ходимларининг хизмати бор”, – деган ЮНИCEФ ижрочи директори Кетрин Рассел.
Дунё бўйича 5 ёшгача бўлган болалар ўлими даражаси 2000 йилдаги кўрсаткичларга қараганда 51 фоизга камайган. Бир қанча паст ва ўрта даромадли мамлакатларда ҳам бу кўрсаткичнинг пасайиши кузатилган бўлиб, бу бирламчи тиббий-санитария ёрдамига, шу жумладан, болалар саломатлиги ва фаровонлиги учун маблағлар ажратилса, натижалар яхшиланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.
“Натижалар шуни кўрсатадики, 2000 йилдан бери Камбоджа, Малави, Мўғулистон ва Руанда мамлакатларида беш ёшгача бўлган болалар ўлимини 75 фоиздан ортиққа қисқартиришга муваффақ бўлишган”, — дейилади ҳисоботда.
Чора-тадбирларнинг биттаси ҳам миллионлаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиши ва тиббий ёрдамни улар яшайдиган жойгача яқинлаштириши мумкин. Болалар саломатлиги ва омон қолишини яхшилаш болалар касалликларини, айниқса, постнеонатал ўлимнинг асосий сабаблари, ўткир респиратор инфекциялари, диарея ва безгакни комплекс даволашни талаб этади.
Шарҳлар