Болалар омбудсмани 21-сонли Меҳрибонлик уйидаги вазият ҳақида: «Бу раҳбарият томонидан ташкиллаштирилган режали тадбир экани кўриниб турибди»
Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги 21-сонли Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларининг муассаса панжараси ортидан «уходите» («кетинг») деб бақиришаётгани акс этган видео тарқалган. Яна бир ёзувда эса «Нас бьют»(“Бизни уришяпти”) деган сўзларни эшитиш мумкин. Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати воқеа юзасидан изоҳ берди, деб ёзади “Газета” нашри.
ХТВ маълумотларига кўра, Тошкентдаги 21-Меҳрибонлик уйида юзага келган вазият юзасидан ушбу муассасага Вазирлар Маҳкамасининг мутасаддилари, Болалар бўйича омбудсман, ХТВ раҳбарияти, Тошкент шаҳар ҳокими, Миллий гвардия, шаҳар прокуратураси, ва тегишли мутассадилар муассасага келган ҳолда вазиятни ўрганди.
«Ўрганилганда муассаса тарбияланувчилари томонидан ходимлардан бирига нисбатан эътироз кайфияти шакллангани аниқланди. Айни дамда муҳит барқарорлиги, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари кун тартиби бўйича шуғулланаётгани ва вазият назоратга олингани маълум қилинди», — дейилади хабарда.
«Бу меҳрибонлик уйи раҳбарияти томонидан мавжуд ички салбий муаммолардан, хусусан, болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатларининг бузилиши, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан эътиборни чалғитиш мақсадида ташкил этилган режали тадбир экани кўриниб турибди», – дейди болалар омбудсмани Алия Юнусова.
Унинг қайд этишича, ҳодисанинг асл сабаблари ваколатли органлар томонидан текширилади.
19 апрель куни Омбудсманга меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан бири психиатрия шифохонасига ётқизилгани ҳақида хабар келди.
«20 апрель куни ДПК ташриф чоғида бу маълумот тасдиқланди. Ўқувчини ҳақиқатан ҳам тез ёрдам бригадаси олиб келган, лекин негадир болалар уйи вакили ҳамроҳлигисиз. Ўқувчиларни тиббий муассасага жойлаштиришнинг бир қанча ҳолатлари бўйича маълумотлар олинди. Бугун соат тахминан 14:00 да Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил 21-сонли Меҳрибонлик уйига ташриф буюриб, раҳбарият билан болаларнинг қочиб кетиши давом этаётгани ва бунинг натижасида болаларни ДПК га жойлаштириш амалиёти ҳақида суҳбатлашди. Шунингдек ноқонуний таълим усулларидан фойдаланишга йўл қўйилмаслигини ва бола ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик мавжудлиги таъкидланди».
Омбудсманнинг таъкидлашича, Меҳрибонлик уйи маъмурияти «Ҳимояланишнинг энг яхши усули – бу ҳужум» тамойилига амал қилган.
Шарҳлар