Бўстонлиқ туманида инвестиция мажбурияти асосида ажратилган ерни сотишга уринганлик юзасидан жиноий иш қўзғатилди

Источник: https://uzbektourism.uz/

Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Сариқанли” МФЙ ҳудудидан 40,0 гектар ер майдони “Mega Building Business” МЧЖга 30,0 млн. АҚШ доллари инвестиция киритиш орқали “меҳмонхона, коттежлар шаҳарчаси, умумий овқатланиш мажмуаси ва савдо-маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари”ни барпо этиш ҳамда 140 ўринли мактабгача таълим муассасасини қуриб фойдаланишга топшириш шарти билан ажратилган эди. Ер майдони вилоят эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари Маъмурий кенгашининг 2019 йил 19 мартдаги баёнига асосан Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 2019 йил 3 апрелдаги 2010-сон қарори билан ажратилган. Бугунги кунга қадар “Mega Building Business” МЧЖ юқорида таъкидланган инвестиция мажбуриятларини бажармаган. Бу ҳақда Туризм ва маданий мерос вазирлиги хабар беради.

Вазирликнинг қайд этишича, “Mega Building Business” МЧЖнинг дирекция олдидаги инвестиция мажбуриятларини бажармаслик “Чорвоқ” ТРЗ иштирокчиси мақомининг йўқотилиши, солиқ ва божхона имтиёзларининг бекор қилиниши, тўланмаган солиқ ва божхона тўловларининг тўлиқ ҳажмда ундирилишига ҳамда инвеститсия лойиҳасини амалга ошириш учун юридик шахсга берилган ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилинишига сабаб бўлиши юзасидан бир неча маротаба ёзма равишда огоҳлантирилган.

«Шу муносабат билан, “Mega Building Business” МЧЖ огоҳлантиришларга сусткашлик билан ёндашганлигини ва ажратилган ер майдонида ҳамон қурилиш ишларини бошламаганлигини инобатга олиб “Чорвоқ” ТРЗ дирексияси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ тегишли далолатнома тузилди ҳамда “Чорвоқ” туристик рекреацион зона Маъмурий кенгашининг навбатдаги йиғилиш кун тартибига “Mega Building Business” МЧЖни “Чорвоқ” туристик рекреацион зонаси иштирокчилигидан чиқариш ва унга ажратилган ер майдонини белгиланган тартибда давлат захирасига қайтариш масаласи киритилди», – дейилади хабарда.

2021 йил 14 декабрда Тошкент вилояти прокуратураси томонидан Бўстонлиқ тумани ҳокимининг 2019 йил 3 апрелдаги 2010-сон қарорини бекор қилиш юзасидан Тошкент вилояти ҳокимлигига протест киритилган.

15 апрель куни эса Бош прокуратура, ИИВ Ер ресурсларини талон-тарож қилинишининг олдини олиш бўлими ва Департаментнинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Mega Building Business” МЧЖнинг мансабдор шахслари инвестиция мажбуриятлари билан бўлиб ўзига ажратилган ер майдонини 3 млн. АҚШ долларига сотмоқчи бўлиб, 180 минг АҚШ долларини аванс сифатида олаётган вақтида қўлга олинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси томонидан 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211 (Пора бериш) моддалари жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.