Болалар уйларининг тарбияланувчиларига янги уйлар тақдим этилади: бу йил ушбу мақсадларга 120 млрд сўм ажратилади
Болалар уйларининг 18 ёшдан катта 757 нафар тарбияланувчисига янги қурилган уй-жойлар бепул ажратилади. Бунинг учун жорий йилда бюджетдан 120 миллиард сўм йўналтирилади. Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида ана шулар ҳақида гапирди, дея хабар беради Ўзбекистон президентининг матбуот котиби.
Шунингдек давлат раҳбари бошқа қатор чораларга ҳам тўхталиб ўтди:
– бир ой давомида ҳар бир болалар уйи камида 20 та замонавий компьютер ва юқори тезликдаги Интернет билан таъминланиши керак;
– етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган иқтидорли талабалар стипендияси 50 фоизга оширилади;
– Васийлик, ҳомийлик ва патронатга олинган болалар 18 ёшга тўлгунига қадар улар учун маҳаллий бюджетдан 1 миллион 200 минг сўм, ногиронлиги бўлганларга эса республика бюджетидан 2 миллион 500 минг сўм тўланади.
1 августдан бошлаб ногиронлиги бор болаларни қўллаб-қувватлашга бюджетдан қўшимча равишда 100 млрд сўм ажратилади. 2 000 нафар бола учун 4 000 та замонавий эшитиш аппарати харид қилинади. Ёши 5 гача бўлган 615 нафар эшитиш қобилияти заиф болага махсус имплантлар ўрнатилади.
Бу йил ногиронлиги бор 1100 нафар бола электр кресло-аравачалар олади. Кейинги беш йил давомида эса яна 12 000 нафар ногиронлиги бор бола шундай аравачалар билан таъминланади.
Бундан ташқари, етим болалар учун хорижда ўтказиладиган мураккаб жарроҳлик аралашувлари бюджетдан компенсация қилинади.
Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар ўрнига Болалар ишлари бўйича миллий комиссия ташкил қилинади, унга раис этиб эса бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Алия Юнусова) тайинланади.
Шарҳлар